Имконияти чекланган Робия имтиёзли грант асосида НамДУ талабаси бўлди

Хабарингиз бор, мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини топишлари учун кенг имконият бериш мақсадида 2020/2021 ўқув йилида хотин-қизлар учун олий таълим муассасаларига берилган грант ўринларининг 4 фоизи миқдорида қўшимча давлат гранти ажратилганди.
Куни кеча Наманган шаҳридаги «Ёшлар маркази»да ана шундай имтиёз асосида ўқишга қабул қилинган 76 нафар қизни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ирода Қўчқорова, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Тоҳиржон Каримов томонидан талабага айланган қизларга самимий табриклар йўлланди ва гулдасталар тақдим этилди.

  • Яқинда 18 ёшга кирдим. Бугун эса шодлигим қўшалоқ бўлди, жуда бахтлиман. Гарчи имкониятим чекланган эса-да, асло руҳимни туширмайман. Ҳаётга муҳаббатим, одамларга меҳрим бошқача. Болалигимдан тикувчиликка, чизиш-бўяшга, нимадир янгилик яратишга иштиёқим кучли. Шунинг учунми, ғайрат-шижоат, севган машғулотим бўйича интилишдан тўхтамайман. Талаба бўлиш барчанинг орзуси, шукур, ниятим ўз вақтида ушалди, мақсадимга имтиёзли тарзда эришдим. Қаранг, мўъжиза рўй бериб, Наманган муҳандислик-технология институтининг «дизайнерлик» йўналишига давлат гранти асосида талабалар сафидаман. Бунга Президентимизнинг тегишли кўрсатмасига мувофиқ Наманган шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан тавсия этилганимдан ғоят хурсандман ва миннатдорман, — дейди биз билан суҳбатда Наманган шаҳридаги 51-мактаб битирувчиси, 1-гуруҳ ногирони Робия ЮСУПОВА.

Орифжон ЖЎРАЕВ.

867 Ko'rishlar