Наманганда ОИТСга чалинганини била туриб, эркаклар билан ишқий муносабатда бўлган аёлга жиноий иш қўзғатилмади

Наманган вилоятида яшовчи 24 ёшли аёл ОИТСга чалинганини била туриб, огоҳлантиришларга қарамасдан бир неча эркаклар билан ишқий муносабатда бўлиб келгани аниқланди. Бу ҳақда Zo‘r TV каналининг «Бу кун» кўрсатувида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, қиз отасининг вафоти, онасининг бошқа эркакка турмушга чиқиши оқибатида пулсизликдан қийналиб, 15 ёшга тўлар-тўлмас фоҳишалик йўлига кирган. Натижада 2020 йил апрель ойида унда ОИВ инфекцияси аниқланган.

Наманган вилояти ИИБ, Жиноят-қидирув бошқармаси, ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш гуруҳи ва вилоят ОИТСга қарши кураш маркази масъул ходимлари томонидан ушбу қиз билан мунтазам профилактик суҳбат олиб борилган. У инфекцияни бошқа шахсларга юқтирганлиги учун жиноий жавобгарлик мавжудлиги тўғрисида огоҳлантирилган бўлса-да, у бунга қарамай бир неча шахслар билан ишқий муносабатда бўлиб келган.

«Онам турмушга чиқиб кетгандан сўнг, уйга борсам тоғамнинг аёли сени ойинг олиб кетган, энди бу ерда яшамайсан, деб уйга сиғдирмади. Маҳалла қўмитасидагилар сени болалар уйига берамиз, деганидан кейин уйдан чиқиб кетганман.

Шундан кейин 10 кун кўчада ётиб юрганман. Сўнгра кўчада қолиб шу йўлга кирганман», – дейди аёл.

ОИТСга чалинган аёл бундан афсусда эканини айтиб, энди у яхши йўлга кирмоқчи эканини маълум қилган.

Аёл қилмишига чин кўнгилдан пушаймонлиги, ўзи билан алоқа қилган 6 нафар фуқарода вирус аломатлари аниқланмагани ҳамда муқаддам жиноят содир этмагани сабаб унга нисбатан қўзғатилган жиноий иш Жиноят процессуал кодексининг 84-модда 5-қисм 1-бандига (ишни тергов қилиш ёки судда кўриб чиқиш пайтига келиб, қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган ёхуд вазият ўзгариши оқибатида бу шахс ижтимоий жиҳатдан хавфли бўлмай қолган жиноят ишини тугатиш) асосан қўзғатишдан рад этилди.

Аввалроқ Сирдарёда аёл била туриб эрига ОИТС юқтиргани, бироқ эрининг даъвоси йўқлиги боис қамалмагани хабар қилинганди.

3 420 Ko'rishlar