Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишда давлат тили бўйича имтиҳондан ўтилади. Имтиҳон пуллик

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Низомга мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишда талабгорларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази (Марказ) ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тўлов асосида амалга оширилади.

 Давлат тили бўйича имтиҳон талабгорнинг доимий яшаш ёки вақтинча турар жойи бўйича Марказ ёки унинг ҳудудий бўлинмаларида ўтказилади.

Бунинг учун талабгор синов имтиҳонида қатнашиш учун ариза билан Марказ ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига шахсан ўзи ёхуд электрон шаклда мурожаат этади.

Шунга кўра, синов имтиҳони ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг 1 ой муддатда тест, ёзма ёки оғзаки шаклларда ўтказилади.

Синов имтиҳони якунлари бўйича энг юқори баллнинг 50 фоизи (50 балл)дан кам балл олган талабгорлар синов имтиҳонидан ўтмаган ҳисобланади ҳамда синов имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб камида 1 ойдан кейин қайта қатнашиш учун ариза билан мурожаат қилади (қайта тўловни амалга оширган ҳолда).

Синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган талабгорларга давлат тилини билиш тўғрисидаги малака сертификати берилади ва у муддатсиз амал қилади.

510 Ko'rishlar