Ўзбекистонда меҳнат мигрантларига 10 миллион сўмгача микроқарзлар берилади.

Ўзбекистонда меҳнат мигрантларига 10 миллион сўмгача микроқарзлар берилади.
Чет давлатларида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига 10 миллион сўмгача микроқарзлар берилади. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Наманган вилояти минтақавий филиали бошлиғи Жакпар Атахажаев маълум қилди.
«Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» президент қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими жорий этилади», — дейди Атахажаев.
Таъкидланишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб:
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими»га киритилган кам таъминланган оила аъзоси ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик ишлаш учун хорижга чиқаётганда уларга микроқарзлар бериш тартиби жорий қилинади;
микроқарзлар хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 10 миллион сўмгача миқдорда 1 йил муддатга берилади;
микроқарз фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин асосий ставканинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисми компенсация қилинади.
Бунгача даврда меҳнат мигрантларига хорижда ишга жойлашиш харажатларини қоплаш учун бир йил муддатга 2 миллион сўм миқдорида микроқарзлар тақдим этилган.
Бунда микроқарзларни расмийлаштириш жараёни бир банк кунида амалга оширилиб, бунинг учун паспорт, ариза каби минимал ҳужжатлар талаб қилинади.

Агентликнинг Наманган вилояти минтақавий филиали томонидан жорий йилнинг 1-чораги мобайнида Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикасига вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган 330 нафар фуқароларга авиа, 169 нафар фуқароларга темир йўл чипталари имтиёзли сотилиши таъминланди. Мигрантлар томонидан сотиб олинган чипталар қаторида уларга чет давлатдаги меҳнат, миграция қонунчилиги юзасидан тушунтиришлар берилиб, “Ўзагросуғурта” АЖ томонидан мигрантларнинг барчасига бепул ҳаёт ва соғлигини суғурталаш полислари, “Микрокредитбанк” АТБ томонидан 13 нафарига 26 млн.сўм микроқарзлар расмийлаштириб берилган.

115 Ko'rishlar