Тошкентликларнинг сувдан қарзи 124 миллиардга етди

Айни кунда Тошкент шаҳри аҳолисининг биргина ичимлик сувидан қарздорлиги 124 миллиардга етди. Бу ҳақда “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси хабар берди. 

Қайд этилишича, қарздорликнинг бу тарзда ўсишига кўплаб омиллар сабаб бўлмоқда. Булардан бири карантин чекловлари вақтида аҳолининг тўлов қобилияти чекланиши бўлса, иккинчиси кўп йиллардан буён аҳолидан ичимлик суви тўловларининг ўз вақтида ундирилмагани. 

“Соҳадаги мазкур йирик миқдордаги дебитор қарздорлик тизим ривожи бир мунча ортга сурилишига ҳам сабаб бўлмоқда”, дейилади хабарда.

Шундан келиб чиқиб, аҳолининг ичимлик сувидан қарздорилигини йил сўнгига қадар қисқартириш бўйича “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ томонидан аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, барча мутасаддилар ушбу саъй-ҳаракатга сафарбар этилган.

Айни кунда барча мутасаддилар маҳалларда бўлиб, аҳолига тушунтириш ишлари олиб борилмоқда ва қарзларни ундириш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Ўрганишлар давомида ичимлик сувидан қарздорлар орасида ўзига тўқ, даромад манбаи аниқ бўлган аҳоли вакиллари борлиги аниқланган.

463 Ko'rishlar