Сума Чакрабарти Шавкат Мирзиёевга маслаҳатчи бўлиши кутиляпти

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ раҳбари Сума Чакрабарти Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Сума Чакрабарти Twitter`даги саҳифасида маълум қилди.

“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мени иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинлаётганидан бағоятда хурсандман. Унга ислоҳотлар дастурини амалга оширишда ёрдам беришдан мамнун бўламиз”, деган Чакрабарти.

Аввалроқ, Сума Чакрабарти Қозоғистон Республикаси Президентининг иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича штатдан ташқари маслаҳатчиси этиб тайинлангани ҳақида хабар берган эдик.

Эслатиб ўтамиз, Сума Чакрабарти 8 йил давомида Европа тикланиш ва тараққиёт банкига раҳбарлик қилган. У “Trend” нашрига берган интервьюсида Ўзбекистон иқтисоди жуда яхши ривожланаётганини ва бу йилига 5-6 фоизни ташкил этаётганини айтиб ўтганди.

Чакрабартининг таъкидлашича, Жаҳон банкининг «Иш юритиш қулайлиги» сўнгги ҳисоботида, Ўзбекистон охирги ўн икки ой ичида ишбилармонлик муҳити энг яхшиланган йигирма мамлакат қаторига киритилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сума Чакрабартини «Дўстлик» ордени билан мукофотлаганди.

Манба: Qalampir.uz

292 Ko'rishlar