Россия вакцинасига хорижлик олимлар шубҳа билан қараяпти

Яқинда илмий муҳитда катта нуфузга эга бўлган, Буюк Британияда нашр қилинадиган The Lancet тиббиёт ҳафталик журналида АҚШ, Италия ва бошқа мамлакатларнинг бир гуруҳ олимлари томонидан Россияда ишлаб чиқарилаётган «Спутник V» вакцинасига нисбатан шубҳали муносабатларини билдиришди.

Бундан сал аввалроқ Россиянинг Н.Ф.Гамалея номли эпидемиология ва микробиология тадқиқот маркази вакили Денис Логуновнинг «Спутник V» вакцинасининг дастлабки икки синов босқичи натижалари ҳақидаги мақоласи босилган эди.

Хорижий олимларнинг раддиясида билдирилишича, мақолада келтирилган бир қатор тажрибаларда статистик хатоликлар мавжуд. Аввало, ўтган ўта қисқа вақт вакцина ишлаб ишлаб чиқариш учун кифоя қилмайди. Шу боис, бу вакцина мақолада кўрсатилганидек катта муваффақиятларга эришиши мумкин эмас. Қолаверса, рус олимлари дастлабки эмлаш босқичидан кейин турли гуруҳларга мансуб одамлар организмида бир хил миқдорда антитаначалар ишлаб чиқарила бошлаганини маълум қилишган. Ҳолбуки, турли ёш ва тоифага мансубда одамларда бир вақтнинг ўзида бир хилда антитаначалар пайдо бўлишига илмий нуқтаи назардан ишониш қийин.

Мақола муаллифи, вакцина ишлаб чиқариш жараёнига раҳбарлик қилган Денис Лагунов “Медуза” нашрига берган интервьюсида ушбу айбловларга ўз муносабатини билдирди. Унга кўра, мақолада бирор хатога йўл қўйилмаган. Антитаначалар кўрсаткичлари ҳам тўғри берилган. Вакцина яратувчиларига ҳали у клиник синовдан ўтмай туриб, вақтинчалик қайд гувоҳномаси берилган. Учинчи босқичда 40 минг нафарга яқин кўнгиллида вакцина йил охирига қадар синаб кўрилиши керак.
ТАСС хабар беришича, Россия Фандар академияси мухбир аъзоси, Шимолий Каролина университети ҳамда Москва Давлат университети профессори Александр Кабанов The Lancet журнали атрофидаги баҳс-мунозараларни табиий ҳол сифатида баҳолади:

— Илмий натижаларни танқид қилиш аслида илмий жараённинг бир қисми саналади, — дейди А.Кабанов. Ч Зеро, бу ерда гап йирик ижтимоий аҳамиятга эга бўлган вакцина устида бормоқда. Қолаверса, The Lancet журнали илм-фан оламида ўз позицияси ва холислиги билан ажралиб туради. Шу билан бирга бу танқид меҳнатларимиз натижасининг хато эканини билдирмайди. Буни хорижлик олимлар ҳам эътироф этишган. Дарҳақиқат, ҳали синовлар тўла тугалланмаган ва якуний фикр айтишга ҳали вақт бор. Энг асосийси, дастлабки синов натижаларида бирор ноаниқликлар кўзга ташланган тақдирда ҳам бу вакцинамиз яроқсиз дегани эмас. Шуни унутмаслик керакки, ҳали Ер юзида бошқа бирорта мукаммал вакцина яратилгани йўқ. Уларнинг барчаси синов босқичида ва ўн минглаб одамлар танасида синовдан ўтказилиши керак.

Олимнинг айтишича, у Гамалея институтида ишлаб чиқарилган вакцина кутилган натижаларни беришига ишонади. Эслатиб ўтамиз, мазкур вакцина 11 август куни рўйхатга олингани ҳақида мамлакат раҳбари В.Путин маълумот берган эди.

210 Ko'rishlar