Ҳайит байрами куни ўзбек-қирғиз чегарасида можаро юз берди

Кеча, 13 май куни Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида маиший можаро келиб чиқди. Қайд этилишича, ҳудудда жанглар ҳам кузатилган.

Хабар қилинишича, 13 май куни Боткен тумани Сой қишлоғи ва Ўзбекистоннинг Сўх тумани Чашма қишлоғи аҳолиси ўртасида жанжал юзага келган. Икки аҳоли пункти аҳолиси чегара зонасида тўпланган. Воқеа жойига куч тузилмалари ва икки давлатнинг маҳаллий ҳокимияти вакиллари етиб келган. Аҳоли билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Сўх ва Боткен ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари воқеани текширмоқда.

Туман ҳокими Учқун Жўробеков берган изоҳида, ўзбек қишлоғи аҳолисига тегишли чорва моллари Қирғизистон ҳудудига ўтиб кетганини маълум қилди.

“Бу ҳақда Қирғизистон фуқаролари Чашма қишлоғида яшовчиларга молларини қайтариб олишлари учун хабар берган. Шу ўринда, можаро юзага келган. Аммо бу унчалик катта жанжал эмас эди. Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон фуқароси Сой қишлоғининг икки аҳолисини калтаклаган, сўнгра ўз жойига қочиб кетган. Айни пайтда Айдаркен ва Сўх чегара отрядлари бошлиқлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари жойларда аҳоли билан тушунтириш ишларини олиб бормоқда”, дейди ҳоким.

Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги ваколатли идораси хабар қилишича, соат 15:00 гача икки чегарадош қишлоқ аҳолиси тарқалиб кетган. Можаро иштирокчилари яраштирилган. Шу билан бирга, воқеа юзасидан текширув олиб борилмоқда.

Чегара ҳудудидаги вазият ҳукуматнинг минтақадаги элчихонаси томонидан барқарор деб баҳоланмоқда.

Бу ўзбек-қирғиз чегарасидаги биринчи тўқнашув эмас. 2020 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Сўх тумани Чашма қишлоғининг Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган “Чашма” булоғи бўйида Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо оқибатида оммавий тартибсизликлар рўй берганди.

Ушбу низони бартараф этиш мақсадида Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб борган маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тартиббузарлар томонидан фаол қаршилик кўрсатилиб, уларга турли даражада шикастлар етказилган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён мазкур жиноят ишини кўриш ишлари давом этаётган бўлиб, суд муҳокамаси якунланмоқда.

Фарғона вилоят судининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими хабарига кўра, «Сўх воқеалари”га оид жиноят иши бўйича суд муҳокамаси очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида олиб борилиб, ишни кўришда 22 нафар судланувчи, 36 нафар жабрланувчи ва 21 нафар гувоҳлар сўроқ қилинган.

Эслатиб ўтамиз, чегара ҳудудидаги тўқнашув ортидан Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Сўх туманига борганди. У Боткен вилоятида Қирғизистон Бош вазири биринчи ўринбосари (ҳозирда Бош вазир) Кубатбек Боронов билан учрашганди.

Жорий йилнинг 18 март куни Фарғона вилоят судида Сўх туманида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар юзасидан айбланган 22 нафар шахсга ҳукм чиқарилди.

10 323 Ko'rishlar