Қамчиқ довонида «Spark» пастлиққа тушиб кетди

Жорий йилнинг 12 октябрь куни соат 18:30 ларда “Қамчиқ” довонининг 240 км. “Тошкент-Водий” йўналишида ҳаракатланган “Spark” русумли автомобиль ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги сув ўтувчи қувурга тушиб кетгани маълум бўлди. Автомашина ичида ҳайдовчи ва 1 нафар йўловчи бўлиб ҳар иккаласи ҳам тан жароҳати олишган.

Воқеа жойига зудлик билан “Қамчиқ” Махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармасининг қутқарувчилари, Йўл патрул хизмати ва Тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келишган.

Қутқарувчилар тан жароҳати олган фуқароларни автомашинадан чиқариб олишда ва тез тиббий ёрдам ходимларига топширишда амалий ёрдам кўрсатишди. Ундан

сўнг махсус автокран ёрдамида зовурга тушиб кетган машинани чиқариб олиш ишлари амалга оширилди. Бу вақтда ЙПХ ходимлари йўл ҳаракати ҳавфсизлигини таъминлашдилар. Қутқарувчиларнинг тезкорлик билан амалга оширган сайъ-ҳаракатлари натижасида икки инсон ҳаёти сақлаб қолинди.

Ҳурматли ҳайдовчилар довон орқали ҳаракатланганда барча ҳавфсизлик чораларини кўришингизни ва автоуловни ошиқмасдан ҳайдашингизни сўраб қоламиз!

617 Ko'rishlar