Ўзбекистон пандемия билан яхши курашаётган давлатлар рейтингига киритилмади

Сингапур пандемия давридаги дунёнинг энг хавфсиз мамлакати деб топилди. Бу ҳақда “The New Zealand Herald” хабар берди.

Манбага кўра, бундай натижага аҳолининг юқори тезликда коронавирусга қарши эмланаётгани ва мамлакат ичидаги касалликка қарши самарали кураш орқали эришилган.

Маълумот учун, Сингапур коронавирусга қарши ўз миллий компаниялари ишлаб чиқарган вакциналар ёрдамида ушбу рўйхатда Янги Зеландияни ортда қолдирди. Бугунги кунда Сингапур аҳолисининг деярли 20 фоизи COVID-19га қарши эмланган. 

Эслатиб ўтамиз, “Bloomberg” 2020 йилда айнан Янги Зеландияни дунёнинг энг хавфсиз мамлакати деб эълон қилганди. 

Рейтингни тузиш давомида мамлакатлардаги коронавирус билан касалланган аҳоли сони, ўлим даражаси, COVID-19 га қарши эмлаш жараёнлари инобатга олинган. Сингапур рейтингда 79,7 балл олган бўлса, Янги Зеландия 79,6 балл билан баҳоланган. Шунингдек, кучли тўртликда Австралия (76,2) ва Исроил (74,9) давлатлари мавжуд. 53 давлатдан ташкил топган рейтингда Аргентина, Польша ва Бразилия сўнгги ўринларни эгаллаган. Ўзбекистон эса бу рўйхатга киритилмади.

Бугунги кунга келиб бутун дунёда коронавирус билан касалланганлар сони 148 миллион кишини ташкил қилмокда. 85,6 млн нафар инсон касалликни енгган бўлса, 3,12 млн бемор вафот этган.

4 613 Ko'rishlar