Ўзбекистон нега Россиянинг БМТ кенгашидан чиқарилишига қарши овоз берди?

БМТ Бош ассамблеясида Россиянинг Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги аъзолигини тўхтатиш бўйича ўтказилган овоз бериш жараёнида Ўзбекистон бунга қарши чиқди. Мамлакатнинг БМТдаги вакили Бахтиёр Иброҳимов бунинг сабабини маълум қилди.

Украина ва БМТга аъзо 50 дан ортиқ давлатлар таклиф этган резолюцияни 93 давлат қўллаб-қувватлаган. 24 делегация қарши чиққан, 58 та давлат эса бетараф қолган. Қарши овоз берганлар орасида Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Беларусь ва бошқа мамлакатлар бор.

Бош ассамблеянинг 11-фавқулодда сессиясида Иброҳимов сўзга чиқиб, қарши овоз бериш борасида маълумот берган. Жумладан, расмий Ўзбекистон Украинадаги мавжуд вазият бўйича мувозанатли ва нейтрал позицияни сақлашда давом этишини айтган.

Иброҳимовга кўра, мамлакат томонлар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойил ва нормалари асосида вазиятни сиёсий ва дипломатик воситалар орқали ҳал қилишнинг энг мақбул йўлларини топишига умид қилмоқда.

«Ўзбекистон делегацияси Россиянинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашидаги аъзолигини тўхтатиб туриш тўғрисидаги резолюцияга қарши овоз берди. Кенгаш давлатларидан бирининг аъзолигини тўхтатиш ушбу мамлакатга нисбатан гумон қилинган ҳуқуқбузарликларни ҳар томонлама текшириш натижасига асосланишига умид қиламиз», — деган Бахтиёр Иброҳимов.

420 Ko'rishlar