Ўзбекистонда 6та божхона пости тугатилади

“Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

Қуйидаги ҳудудларда тоифадан ташқари мақомга эга бўлган “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постлари босқичма-босқич ташкил этилади:

  • 2021 йил 1 октябрдан Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари божхона бошқармаларида;
  • 2022 йил 1 апрелдан бошқа ҳудудий бошқармаларда.

Ҳудудлардаги 6та божхона пости тугатилади. Улар:

  • Қорақалпоғистон Республикасидаги “Найманкўл” темир йўл чегара божхона пости;
  • Қашқадарё вилоятидаги “Қарши тола” ТИВ божхона пости;
  • Қашқадарё вилоятидаги “Қарши” темир йўл чегара божхона пости;
  • Сурхондарё вилоятидаги “Амузанг” темир йўл чегара божхона пости;
  • Фарғона вилоятидаги “Бешариқ” темир йўл чегара божхона пости;
  • Фарғона вилоятидаги “Ўқчи” чегара божхона пости.

2021 йил 1 октябрдан “Масофавий электрон декларациялаш” постлари ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) иштирокчиларининг электрон божхона юк декларацияларини масофавий расмийлаштиради.

2021 йил 1 декабрдан “Масофавий электрон декларациялаш” Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида:

  • ветеринария ва фитосанитария органларининг ҳужжатларини “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали текширади;
  • ветеринария ва фитосанитария органларининг товар-транспорт ҳужжатларига муҳр босиш ва рўйхатга олиш амалиёти бекор қилинади.

2022 йил 1 январдан:

  • ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари ТИФ иштирокчисига 3 иш куни давомида қайтарилади;
  • божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг энг кам муддати 14 кун этиб белгиланади ва ушбу муддатда фоизлар ундирилмайди;
  • Давлат божхона қўмитаси тизимида Марказий божхона лабораторияси ташкил этилади.
99 Ko'rishlar