Ўзбекистонда янги ноодатий федерацияси ташкил этилади

“Соғлиқни сақлашнинг асосий тадбири бадантарбия бўлади. Биз биламизки, бадантарбия кишини чуқур ва кетма-кет нафас олишга мажбур қилувчи ихтиёрий ҳаракатдир.

Мўътадил равишда ва ўз вақтида бадантарбия билан шуғулланувчи одам бузилган хилтлар туфайли келган касалликларнинг ва мижоз ҳамда илгари ўтган касалликлар туфайли келувчи касалликларнинг давосига муҳтож бўлмайди.

Бадантарбиянинг кучли турига майдонда кишининг ўз сояси билан олишиш ўйини (“Қарабтеп”) киради”, – деб ёзилган улуғ мутафаккир, тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино қаламига мансуб “Тиб қонунлари” асарида.

Сир эмаски, бугун мамлакатимизда спортни ривожлантириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштиришга алоҳида, таъбир жоиз бўлса Ҳукумат даражасида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, пандемик вазият Ўзбекистонда аҳолининг саломатлик даражаси анча паст эканлигини кўрсатиб берди. Бу жараёнда ота-боболаримиздан мерос бўлган “Қарабтеп” ёки халқимиз таъбири билан айтганда, “ланка” халқ ўйини муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 майдаги 33-сонли йиғилиш баёни билан 2021 йилнинг июнь-июль ойларида мамлакатимизда миллий қадриятларимиздан бўлган “Қарабтеп” халқ ўйини мусобақаларини ўтказиш белгилаб қўйилган. Бу ҳақида Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Куни кеча Туризм ва спорт вазирлигида ўтказилган давра суҳбати эса мамлакатимиз бўйлаб “Қарабтеп” халқ ўйини мусобақаларининг ташкил этилишига бағишланди.

Давра суҳбатида Туризм ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Полвонлар Миллий маркази, турли спорт федерациялари ва ассоциацияларининг вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олган Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов “Қарабтеп” халқ ўйинининг инсон саломатлигини мустаҳкамлашдаги ўрни ва аҳамиятига тўхталиб, худди шу кўринишдаги жисмоний ҳаракатлар хорижий давлатлар, жумладан Хитойда жуда кенг оммалашгани, шу сабабли уларда аҳолининг саломатлик даражаси анча юқори эканлигини алоҳида эътироф этди. Ўз навбатида Ҳукуматимизнинг “Қарабтеп” халқ ўйинини аҳолининг турли қатламлари, айниқса ёшлар орасида оммалаштириш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Давра суҳбатига раислик қилган Ўзбекистон Полвонлар Миллий маркази раиси Норқули Юсупов июнь-июль ойларида мамлакатимиз бўйлаб “Қарабтеп” халқ ўйини мусобақаларини юқори савияда ташкил этишда ҳамкор ташкилотларни амалий ёрдам кўрсатишга чақирди.

Шунингдек, давра суҳбатида бир қанча шакллардаги “Қарабтеп” халқ ўйинининг асосий иш қуроли – “Тепки”лар ҳам намойиш этилди. Унда соҳа мутахассислари маҳаллий аҳоли томонидан яратилган “тепки”га юқори баҳо бериб, уни кенг оммалаштириш ва “ўзбек бренди” сифатида дунёга кенг тарғиб қилиш борасида ўз тавсияларини билдирди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон “Қарабтеп” халқ ўйини спорт федерациясини ташкил этишга қарор қилинди. Бундан кўзланган мақсад, “Қарабтеп”ни оддий халқ ўйини эмас, балки спорт тури сифатида янада оммалаштириш ва албатта яқин келажакда жаҳонга олиб чиқишдан иборат.

Дарвоқе, тадбирда июнь-июль ойларида мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилаётган “Қарабтеп” халқ ўйини мусобақаларига республикамизнинг камида 5 миллион кишилик аҳолиси қамраб олиниши режалаштирилаётганлиги ҳам маълум қилинди.

Манба: Effect.uz

3 455 Ko'rishlar