Ўзбекистонда радар ва камералар ўрнатиш жойлари савдога қўйила бошланди, рўйҳатда Наманган ҳам бор

Ўзбекистондаги чорраҳа ва йўлларда радар ва камералар қўйиш жойлари аукцион орқали савдога қўйилиши бошланди, дея хабар бермоқда ЙҲХББ.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 апрелдаги 232-сонли қарори асосида радар ва камералар ўрнатиш жойлари E-auksion савдо майдончаси орқали сотилиши белгиланганди. Ушбу қарорга асосан онлайн-аукционлар Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази ва Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган регламент асосида ташкил этилади.

Объект онлайн-аукционда ғолиб бўлган тадбиркорга мулк ҳуқуқи асосида чекланмаган муддатга, бошқа тадбиркорларга ўтказиш ҳуқуқи билан бириктирилади. Лотнинг жой дислокацияси, ҳудуддаги транспорт оқими ва охирги 2 йилда аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар очиқ эълон қилинади.

Ҳозирда:

  • Хоразм вилояти, Боғот туманида радар ва камералар ўрнатиш ҳуқуқи савдога чиқарилди. Ушбу лотда 4 та интеллектуал видеокамера ва 2 та стационар радар ўрнатилиши белгиланган;
  • Хоразм вилояти, Хива шаҳрида радар ва камералар ўрнатиш ҳуқуқи савдога чиқарилди. Ушбу лотда 4 та интеллектуал видеокамера ва 1 та стационар радар ўрнатилиши белгиланган;
  • Наманган вилояти, Косонсой туманида радар ва камералар ўрнатиш ҳуқуқи савдога чиқарилди. Ушбу лотда 1 та интеллектуал видеокамера ва 1 та стационар радар ўрнатилиши белгиланган.

Яқин фурсатларда бошқа ҳудудлардан ҳам бу сингари ҳуқуқларнинг савдога чиқарилиши кўзда тутилган.

3 540 Ko'rishlar