«ЮэСэМ Телеком» ва МегаФон Ўзбекистон бозорига кириб келишмоқда

«ЮэСэМ Телеком» ва МегаФон ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда Марказий Осиёдаги энг йирик телекоммуникация бозорининг технологик илғори бўлиши кутилган янги қўшма корхона – Digital Holding’ни ташкил этишди. Янги ҚК таркибидан мамлакатнинг телекоммуникация бозори илғори бўлган Ucell компанияси ҳамда USM’нинг Ўзбекистондаги активлари – CRPT Turon ва ICS Holding Uzbekistan ўрин олишди.

Ўзбекистон хукумати Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) орқали ҚКга Ucell телеком-операторининг 100% улушини топширмоқда. Россия томони Digital Holding ривожланиши учун 100 млн доллар миқдорида инвестиция, шу билан бирга USM’нинг шўъба корхоналари – CRPT Turon ва ICS Holding Uzbekistan киритмоқда.

ҚК таркибига кириш учун «ЮэСэМ Телеком» ва МегаФон «Диджитал Инвест» компаниясига асос солишди, унда икки компаниянинг улуши 50%дан тақсимланди. Янги ҚКда «Диджитал Инвест» улуши 51%, ДАБА улуши 49%га тенг.

Битим доирасидаги жараёнлар 2021−йил давомида якунига етади. Digital Holding эътиборини Ўзбекистон Республикасида алоқа хизматларидан фойдаланишни янада қулайроқ қилиш ҳамда сифатини ошириш учун халқаро стандартларга мос келувчи телекоммуникация инфраструктурасини шакллантиришга, ахборот хавфсизлиги ва маълумотларни сақлаш, баъзи турдаги товарлар ҳаракатини маркировкалаш ва кузатиб бориш соҳаларидаги илғор технология ва тизимларни татбиқ этишга қаратади.

«Ўзбекистоннинг рақамли хизматлар бозорида етакчи иштирокчини яратиш ҳам МегаФон, ҳам МДҲ ва Шарқий Европа ҳудуди технологик лидерни барпо этаётган «ЮэСэМ Телеком» стратегияларига мос келади. Ишончимиз комилки, МегаФон, Салоҳиятли технологияларни ривожлантириш маркази ва «ИКС Холдинг»нинг рақамли лойиҳаларни амалга оширишдаги кўп йиллик экспертизаси Ўзбекистондаги соҳанинг энг йирик иштирокчисини ривожлантиришга кўмаклашади», – дейди «ЮэСэМ Телеком» бош директори Иван Стрешинский.

«Рақамли хизматлар истеъмоли нуқтаи назаридан Ўзбекистон МДҲнинг энг салоҳиятли бозорларидан, у сўнгги 10 йил ичида мобил алоқа абонентларининг уч баравардан кўп ўсишини намойиш этган бўлсада, ҳали ҳануз тўйинишдан йироқ. Биз 2021−йил давомида Ucell ичида жиддий таркибий ўзгаришлар қилиш режасидан йироқмиз, кўпроқ жипслашиш ва Ucell’да бизнес ўсиши учун энг яхши амалиётларни татбиқ этишга эътиборимизни қаратамиз», — дейди МегаФон бош директори Геворк Вермишян.

«Ишончим комил: янги қўшма корхонанинг ишга тушиши Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда шиддат билан ривожланаётган рақамли хизматлар бозорига янги туртки бўлади ва Ucell ҳамда унинг абонентлари учун янги имкониятларни яратади», — таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси Олимжон Умаров.

«ЮэСэМ Телеком» –USM холдингининг рақамли бўлинмаси. МегаФон телеком оператори ва «ИКС Холдинг» АТ гуруҳининг 100 фоизини назорат қилади. «ЮэСэМ Телеком»нинг асосий мулкдорлари − USM (80% акциялар), Иван Стрешинский (10%) ва Антон Черепенников (10%).

МегаФон – Россиянинг телекоммуникация бозорида етакчи ўринларда турувчи рақамли имкониятлар миллий оператори. МегаФон Россия телеком бозорининг барча сегментларида, шу билан бирга Абхазия, Жанубий Осетия, ва Тожикистонда фаолият юритади, алоқа сифатига азалдан алоҳида эътибор қаратади ва абонентларига юқори тезликдаги интернет тақдим этади.

«ИКС Холдинг» – Россиянинг кўптармоқли АТ-гуруҳи, у YADRO, Nexign, «Цитадель», «Криптонит» ҳамда «Форпост» номли 5та субхолдингга бирлашган 30та компанияни  ўз ичига олади. «Икс Холдинг» фаолиятининг устувор йўналишлари – йирик ишлаб чиқариш корхоналарини рақамли трансформациялаш, ахборот хавфсизлиги, маълумотларни сақлаш тизимлари, криптография ва квант ҳисоб-китоблар, машиналаштирилган таълим ва нейротармоқлар, блокчейн технологиялари ва сунъий интеллектдан иборат. Холдинг алоқа операторлари учун энг йирик АТ етказиб берувчи саналади ҳамда Россиянинг йирик АТ ишлаб чиқарувчилари Топ-3талигига киради.

Салоҳиятли технологияларни ривожлантириш маркази (Центр развития перспективных технологий, ЦРПТ) рақамли иқтисодиётдаги салмоқли лойиҳаларни амалга ошириш учун ташкил қилинган. Марказ USM (50%), Ростех давлат корпорацияси (25%) ва «Элвис-Плюс групп» (25%)нинг қўшма лойиҳасидир. Салоҳиятли технологияларни ривожлантириш маркази Россияда товарларни рақамли маркировкалаш ва кузатиб бориш давлат ахборот тизимини яратмоқда. Давлат-хусусий шериклик шаклида ташкил қилинган CRPT Turon эксперимент натижаларига кўра Ўзбекистон Республикасида товарларни рақамли маркировкалаш ва кузатиб бориш тизими оператори деб танланган.

Ucell — GSM, UMTS, LTE ва 5G стандартларидаги ўзбек уяли алоқа оператори. 2018 йилнинг 5 декабридан ООО «COSCOM» («Ucell» савдо белгиси) – 100% давлат компаниясидир. Ўтган икки йил мобайнида 8 миллион абонентга эга Ucell Ўзбекистон уяли алоқа бозорида етакчига айланди. 2020 йил февраль ҳолатига аҳоли пунктларидаги қамрови  97,6% (GSM); 72,9% (UMTS); 60,8% (LTE)ни ташкил этмоқда. Ucell — Ўзбекистонда 5G стандарти бўйича илк оператор.

1 836 Ko'rishlar