Шомуродовнинг трансфер баҳосидан уч баробар арзон жамоа. Ўзбекистон – Сингапур ўйини превьюси

Узоқ кутилган ҳаяжонли дамлар етиб келди. Бугун, 7 июнь куни Ўзбекистон миллий жамоаси қарийб икки йиллик танаффусдан кейин ЖЧ-2022 ва Осиё кубоги-2023 қўшма саралаш босқичи доирасидаги ўйинларини давом эттиради. Саудия Арабистонида марказлашган тизимда ўтаётган гуруҳ босқич ўйини доирасида Вадим Абрамов бошчилигидаги миллий жамоа Сингапурга қарши саф тортади.

Ким қандай ҳолатда?

Ўзбекистон миллий жамоаси Саудия Арабистондаги ўйинлар олдидан Тошкентда тўпланиб, дастлаб Бўстонлиқ туманида жисмоний тайёргарликка зўр берди. 26 май куни эса Тошкентда норасмий ўртоқлик баҳси ташкил этилиб, Отабек Шукуров ва Одил Ҳамробековнинг пенальтидан киритган голлари Туркманистон устидан ғалаба келтирди – 2:1.

28 май куни Дубайга етиб борган Ўзбекистон миллий жамоаси 29 май кунги Австралия билан баҳс бекор қилингани сабабли 30 май куни Таиландга қарши назорат баҳси ўтказди ва Ҳусниддин Алиқулов, Одил Аҳмедов, ва Темурхўжа Абдухолиқовнинг дубли эвазига 4:1 ҳисобида ғалабага эришди. 1 июнь куни эса Дубайдан Ар-Риёдга етиб бориб, бир ҳафта давомида Саудия Арабистонида сўнгги тайёргарликлар олиб борилди.

Рақиб жамоа – Сингарпур ҳам Ўзбекистон сингари БААда тайёргарлик кўрди. Афғонистон миллий жамоасига қарши ўтказилган ўртоқлик ўйинида 1:1 ҳисоби қайд этилди. 3 июнь куни эса ЖЧ-2022 саралаши доирасида Фаластинга қарши майдонга тушган сингапурликлар кутилмаганда – 0:4 ҳисобида қақшатқич зарбани қабул қилиб олишди. Татсума Йошида шогирдлари 6 ўйиндан кейин 7 очко билан гуруҳда 5-ўринда боришмоқда.

Таркиб қандай кўриниш олиши мумкин?

Вадим Абрамов Саудия Арабистонидаги ўйинлар учун 28 нафар футболчидан иборат таркибни олиб борган.

Сингарпурга қарши баҳсда расмий мезбон саналмиш Ўзбекистон миллий жамоаси ўзининг анъанавий либоси – оқ-кўк-оқ рангли спорт формасида майдонга тушади. Сингапур эса қизил формасида ҳаракат қилади.

Миллий жамоанинг Туркманистон ва Таиландга қарши баҳси ёпиқ эшиклар остида ўтгани сабабли Сингапурга қарши асосий таркибни тахмин қилиш қийин бўлса-да, бу борада тахминимиз қуйидагича кўриниш олди:

Дарвозабон: Абдувоҳид Неъматов

Ҳимоячилар: Ҳожиакбар Алижонов, Ислом Қобилов, Рустам Ашурматов, Иброҳимхалил Йўлдошев

Яримҳимоячилар: Одил Ҳамробеков, Отабек Шукуров, Санжар Қодирқулов, Одил Аҳмедов, Жалолиддин Машарипов

Ҳужумчи: Элдор Шомуродов.

Шомуродовдан уч баробар арзон жамоа. Жамоаларнинг трансфер баҳосидаги фарқ

Transfermakrt портали Ўзбекистон ва Сингапур миллий жамоаларининг трансфер қийматини келтирган. Бу борада ҳам жамоалар ўртасидаги фарқ катта экани яққол кўринган.

Жумладан, Ўзбекистон миллий жамоаси таркибининг ҳозирги умумий қиймати 27,65 миллион еврога баҳоланган. Энг қимматбаҳо футболчиларимиз рўйхатини Элдор Шомуродов бошқармоқда. «Женоа» ҳужумчисининг трансфер баҳоси – 7 миллион еврони ташкил этади. 2-ўринда Отабек Шукуров – 3 миллион евро, 3-ўриндан эса Жалолиддин Машарипов – 2,8 миллион евро нарх билан жой олган.

Сингапур миллий жамоаси таркибининг умумий қиймати – 2,33 миллион еврони ташкил этади. Бу рақиб жамоа бутун таркибининг биргина Элдор Шомуродовнинг трансфер қийматидан 3 баробар арзон эканлигини кўрсатади.

Эслатма:
Ўзбекистон – Сингапур
Ўйин бошланиш вақти: 23:00
Саудия Арабистони, Ар-Риёд. «Қирол Фаҳд» стадиони.

Манба: Tribuna.uz

788 Ko'rishlar