Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қозоғистонга боради

Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақида Акорда нашри хабар берди.

Суҳбат давомида давлат раҳбарлари Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни икки томонлама кун тартибининг барча спектрлари бўйича янада ривожлантириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, сармоявий ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, саноат, машинасозлик, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга устувор аҳамият берилди.

Кўп қиррали Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатларига амалий туртки бериш мақсадида суҳбатдошлар жорий йил охиригача Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришди.

Шу муносабат билан икки давлат ҳукуматларига бўлажак олий даражадаги музокараларни сифатли мазмун билан ўтказишни таъминлаш топширилди.

589 Ko'rishlar