Фуқарони алдаган ҳоким ўринбосари қамалди

Сирдарёда кам таъминланган оилаларга қурилаётган арзонлаштирилган уй олиш учун рўйхатга қўшиш эвазига фуқародан 400 доллар олган Гулистон туман ҳокими ўринбосари қамалди. Бу ҳақда Сирдарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Бахтиёр Мамадаминов маълумот берди.

Қайд этилишича, вилоят ҳудудий “Чорванасл” маркази Гулистон тумани етакчи мутахассиси лавозимида ишловчи М.Х. ва яна бир гуруҳ фирибгарлар тил бириктириб, фуқаро М.К.нинг ишончига кирган. Шундан сўнг, улар фуқародан  Гулистон тумани ҳокими ўринбосари Б.С.га 400 АҚШ доллари миқдорида пора бериш эвазига, “Юлдуз” массивида кам таъминланган оилалар учун қурилаётган кўп қаватли арзонлаштирилган уй олиш учун рўйхатга қўшишни ваъда қилган. 

Хабарга кўра, ҳоким ўринбосари Б.С. фуқаро М.К.дан 400 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳоқим ўринбосарига Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, 2 йил 6 ой муддатга давлат органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида 73 500 000 сўм жарима жазоси тайинланган.

Шунингдек, М.Х.га ЖКнинг 25, 168-моддаси 2-қисми “б” банди, 28, 211-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 45, 59, 61-моддалари тартибида 2 йил муддатга давлат органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил 2 ой озодликни чеклаш жазосини тайинланган.

4 438 Ko'rishlar