Уйга хуш келибсан, Хави – “Барселона”

“Барселона” Хави Эрнандес билан келишувга эришди. Унга кўра, Хави жорий мавсум якунига қадар ва яна икки мавсум “Барса” бош мураббийи бўлади. Бу ҳақда Каталония клуби матбуот хизмати хабар берган.

Шартномага кўра, “Барселона” Хави билан 2024 йилга қадар шартнома имзолади.

“Бу бўлиши керак эди. Уйга хуш келибсан”, деб ёзилади хабарда.

41 ёшли мутахассис иштирокидаги матбуот анжумани 8 ноябрда ўтиши кутилмоқда. Хави 2019 йилдан бери “Ал Садд” устози сифатида ишлади ва доҳаликлар билан 7 та титул эгасига айланди.

Хавининг “Барселона”нинг янги бош мураббийи сифатидаги таништириш маросими Камп Ноуда жамоатчилик учун очиқ ҳолда ўтказилади.

Маълумот учун, Хави “Барселона” академияси тарбияланувчиси. У 1998-2015 йилларда “кўк-анорранглилар” шарафини ҳимоя қилган. Бу вақт оралиғида 767 та ўйинда майдонга тушиб, 25 та мукофотни қўлга киритган.

188 Ko'rishlar