Тўйлар бўйича 50 кишилик чеклов эртадан кучга кирадиган бўлди

Тўйхона ва ресторанларда оилавий тадбирларни очиқ ҳавода ўтказиш имкони бўлмаса, у ҳолда иштирокчилар сони 50 кишидан ошмаслиги керак.

Бу талаб аввал белгиланганидек 1 августдан эмас, 20 июлдан кучга кирадиган бўлди.20 июлдан кафе ва ресторанлар учун карантин кучайтирилиши баробарида, худди шу санадан тўйхоналар фаолиятига ҳам янги чеклов жорий этилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, 20 июлдан агар тўйхоналар (ресторанлар)да оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни очиқ ҳавода ўтказиш имкони бўлмаган тақдирда, уларни 50 кишидан кўп бўлмаган меҳмонлар иштирокидагина ўтказишга рухсат берилади.

Бунда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этиш талаб этилади. Рухсат этилган 50 киши – яқин қариндошлар ва шу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлардан иборат бўлиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, Махсус комиссиянинг аввалги қарорига кўра, тўй ва бошқа маросимлар учун 50 кишигача бўлган чеклов 1 августдан кучга кириши белгиланган эди.

20 июлдан бошлаб, шунингдек, умумий овқатланиш объектлари фақат очиқ майдонларда ишлаши мумкин. Рухсат этилган вақт чеклови (соат 08:00дан 20:00гача) сақлаб қолинади.

2 823 Ko'rishlar