«Туну кун ишласин»: Мирзиёев Ортиқхўжаевга топшириқ берди

Тошкент шаҳрида хорижий туристларни камида 3 кун олиб қолиш ва “1 минг долларлик хизматлар пакети”ни тақдим қилиш бўйича алоҳида дастурни амалга ошириш вазифаси қўйилди. Бу орқали пойтахтда қўшимча 1 миллион сайёҳни жалб қилиш имконияти бор.

Тошкент шаҳри ҳокимига пойтахтда:

— йил давомида ишлайдиган замонавий аквапарк, аттракцион, сафари гуллар, чироқлар ва бошқа мавзули парклар;

— туну-кун ишлайдиган камида 5 та гастрономик ва савдо кўчалари;

— ресторан ва меҳмонхоналар, жамоат жойларида жонли ижро концертларини йўлга қўйиш;

— очиқ осмонда шоу (дорбозлик, мусиқа ва рақс дастурлари) ва фестиваллар (гуллар, гастрономик, музқаймоқ, опера) ташкил этиш ишларини бошлаш бўйича топшириқ берилди.

Президент жорий йилда ички туризм оқимини камида 10 миллионга етказиши шартлигини таъкидлади.

Бунинг учун туман, шаҳар ҳокимлари олдига туризм салоҳияти юқори 28 та туман ва шаҳар, 135 та маҳалла имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, инфратузилма муаммоларини ҳал қилиб бериш вазифаси қўйилди.

114 Ko'rishlar