Тошкентда «Умра» сафарига ноқонуний юбориш билан шуғулланганлар аниқланди

ДХХ ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият томонидан тегишли рухсатномага эга бўлмасдан, фуқароларни «Тошкент-Дубай-Жидда» йўналиши орқали «Умра» зиёратига юбориш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда darakchi.uz’га ДХХ Матбуот хизмати хабар қилди.

Хусусан, МЧЖ ходими Х.А. Наманган вилоятида яшовчи икки фуқаронинг ишончига кирган ҳолда уларни 6200 АҚШ доллари эвазига «Умра» сафарига жўнатишни ваъда қилиб, олдиндан 3100 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, МЧЖ офиси ва ходимларининг автомашиналари текширилганда, жами 116 нафар фуқаронинг хорижга чиқиш паспортлари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, 66 нафар фуқарони «Умра» сафарига юбориш мақсадида улардан жами 162 минг АҚШ доллари олинганлиги ҳам маълум бўлди.

Таъкидлаш лозимки, МЧЖ ўз мижозларини Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони Қироллиги ўртасидаги давлат чегарасидан ўтказишда Марказий Осиё республикаларининг сохта фуқаролик паспортларидан фойдаланиш механизмини йўлга қўйган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан МЧЖ масъулларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

53 Ko'rishlar