Тезкор! Ўзбекистонда чет эл автомобиллари учун «растаможка» 2 баробарга қисқартирилади

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида машинасозлик саноатида амалга оширилаётган ишлар ва 2022 йилдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Йиғилишда ошиб бораётган ички талабни қондириш мақсадида биринчи ярим йилликда камида 160 мингта автомобиль ишлаб чиқариш лозимлиги таъкидланди.

Йил якунига қадар 275 мингта автомобиль ишлаб чиқариш учун зарур бутловчи қисмларни ўз вақтида етказиб бериш бўйича назорат ўрнатиш топширилди.

«Шу билан бирга, аҳолимиз автомобиль бозорида таклифларни кескин ошириш бўйича амалий натижаларни ҳозир кутмоқда», деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Вазирлар Маҳкамасига уч кун муддатда импорт автомобиллари учун божхона божи ставкаларини 2 баробарга (30 фоиздан 15 фоизга) пасайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритишга топшириқ берилди.

Соҳа раҳбарларига 2022 йилда:

— таннархни камида 5 фоизга камайтириш, 100 миллион долларлик импорт ўрнини босиш;

— 23 лойиҳа доирасида 600 турдаги бутловчи қисмларни ўзлаштириб, маҳаллийлаштиришни 48 фоиздан 56 фоизга ошириш;

— 336 миллион долларлик инвестицияларни ўзлаштириб, 3 та лойиҳани (“Tracker”, “Оnix” ва янги двигателлар ишлаб чиқариш) ишга тушириш лозимлиги кўрсатилди.

478 Ko'rishlar