“Сўғдиёна” – “Турон” ўйинини бошқарган ҳакам футболдан четлатилди

Кеча – 14 март куни Ўзбекистон Суперлигасининг 2-туридан ўрин олган “Сўғдиёна” – “Турон” учрашувида юзага келган ҳолатлар футбол жамоатчилигининг муҳокамаларига сабаб бўлди.

Гап шундаки ўйиндан олинган лавҳаларда бош ҳакам Виктор Серазитдинов бир қанча вазиятда очиқча кўриниб турган вазиятларда нотўғри қарорлар қабул қилгани кўринди.

Бугун, 15 март куни ЎФА Ҳакамлик қўмитаси томонидан мазкур баҳсни бошқариб борган бош ҳакам Виктор Серазитдиновнинг ўйин давомидаги хатти-ҳаракатлари атрофлича таҳлил қилиб чиқилди.

Мутахассислар “Сўғдиёна” – “Турон” учрашуви видео-лавҳасини қайта кўриб, вазиятларни синчковлик билан ўрганиб чиққан. Таҳлил натижасида, бош ҳакам Виктор Серазитдинов учрашувнинг 29-дақиқасида “Сўғдиёна” дарвозаси томон 11 метрлик жарима зарбаси белгиламаганлиги аниқланди. Шунингдек, бош ҳакам 52-дақиқада “Турон” футболчиси ўз жарима майдонида тўпни қўли билан ўйнади, дея баҳолаб, пенальти белгилаган вазият хато эканлиги Қўмита вакиллари томонидан қайд этилди.

ЎФА Ҳакамлик қўмитасининг якуний қарорига мувофиқ, қўпол хатоларга йўл қўйганлиги ҳамда ушбу хатолар ўйин натижасига таъсир ўтказганлиги сабабли Виктор Серазитдиновнинг мазкур учрашувдаги фаолияти қониқарсиз деб баҳоланди ва ҳакамлик фаолиятидан номуайян муддатга четлатилди.

Шунингдек, ЎФА футбол фаолиятини назорат қилиш махсус инспекцияси томонидан мазкур ҳолат бўйича тегишли маълумотлар, мазкур футбол учрашуви қайдномаси ва инспектор ҳисоботи, видеоматериалларни ўрганиб чиқиш ишлари бошланган. Ноқонуний ҳолатлар аниқланган тақдирда ЎФА Этика қўмитаси тегишли тартибда кўриб чиқиб, якуний қарорларни қабул қилади.

5 159 Ko'rishlar