Самарқандда “опий” сақланган пропан газ баллони портлади

Самарқандда пропан газ баллонида “опий” сақлаган гиёҳвандфурушлар қўлга олинди, баллондаги газ портлашидан олган жароҳат уларни фош қилди.

Тожикистон Республикасининг Душанбе ва Бохтар шаҳарларида яшовчи 1978 йилда туғилган Д.О. ҳамда С.С.лар пропан газ баллони ичига яширинча жойлаштирилган “опий” гиёҳвандлик моддасини Тожикистондан Ўзбекистонга олиб ўтишади ва сотиш мақсадида Ургут туманида яшовчи таниши, 1979 йилда туғилган М.Ф.нинг яшаш хонадонига келишган.

Улар пропан газ баллони ичидан гиёҳвандлик моддаларини олаётганида газ чақнаши оқибатида куйиб, туман шифохонасига боришади. Тез орада газ баллонида яна нималар борлиги маълум бўлади…

Ўтказилган текширувлар натижасида пропан газ баллони ичида целлофан пакетга ўралган 244,19 грамм “опий” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда ҳужжатлаштирилди.

Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари билан ўтказилган яна бир тадбирда эса Иштихон туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган Қ.А. бошқарувида бўлган “Нексия-2” русумли автомашинада 1 кг. 8,16 гр. “опий” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳозирда ушбу фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2 389 Ko'rishlar