Россия спортига навбатдаги “зарба” берилди

Халқаро бокс ассоциацяси (АIBА)  Россия ва Беларусни мусобақаларга таклиф қилмайди. Бу ҳақда ташкилот баёнотида сўз борган.

Баёнотга кўра, Россия ва Беларусь боксчилари АIBA ташкил қиладиган мусобақаларда иштирок этмайди. Шунингдек, ушбу икки давлатда ўтказилиши белгиланган барча тадбирлар бекор қилинади 

“AIBA Халқаро Олимпия қўмитасининг (ХОҚ) тавсиясини ва Украинадаги вазиятни инобатга олган ҳолда, қарор қабул қилди. Яъни, AIBA ўзи ташкил қиладиган бокс мусобақаларига Россия ва Беларусь спортчилари, ҳакамлари ва расмийларини таклиф қилмайди. Буни амалга оширишда ташкилий ёки ҳуқуқий сабабларга кўра, муаммо пайдо бўладиган бўлса, икки давлат боксчилари нейтрал мақом остида мусобақаларда иштирок этиши мумкин. Шунингдек, жорий йилда Россия ва Беларусда ўтказилиши режалаштирилган халқаро бокс тадбирлари бекор қилинади. AIBA спорт инсоният тинчлиги ва тараққиёти йўлида хизмат қилишига ишонч билдиради”, дейилган баёнотда.

Россия спортига киритилган чекловлар 

Рус қўшинлари Украинага киргач, Халқаро дзюдо федерацияси (ХДФ) Россия Президенти Владимир Путинни ташкилот фахрий президенти ва элчиси мақомидан маҳрум қилди. 

Польша, Чехия ва Швеция футбол терма жамоаси Жаҳон чемпионатига саралаш доирасида Россия билан ўйинга боришдан бош тортди.

Европа футбол уюшмалари иттифоқи (UEFA) 2022 йилги Европа Чемпионлар лигаси финали Санкт-Петербург шаҳридан Парижга кўчирилганини маълум қилди.

FIFA  ҳамда UEFA Россия терма жамоалари ва клубларини барча футбол мусобақаларидан чиқариб ташлади.

Халқаро баскетбол федерацияси россиялик баскетболчилар ва расмий шахсларни ташкилот шафелигидаги барча мусобақаларда иштирок этишдан четлаштирди.

Дунёдаги энг йирик спорт кийимлари компанияси “Аdidas” Россия футбол жамоалари билан ҳамкорликни тўхтатганини маълум қилди. Шунингдек, Германиянинг «Шальке 04» клуби ва UEFA’нинг ўзи ҳам Россиянинг «Газпром» трансмиллий компанияси билан ҳамкорликни тўхтатди.

Халқаро Паралимпия қўмитаси (IPC) россиялик ва беларуслик атлетларни Пекин-2022 Паралимпия ўйинларидан четлатди.

Шунингдек, 2023 йилда Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтадиган Махсус Олимпиада ўйинлари бекор қилинди.

352 Ko'rishlar