Президент қачон ўзини бахтли ҳис қилишини айтди

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғонага қилаётган ташрифи доирасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди. Давлат раҳбари пахтани қайта ишлашнинг учинчи-тўртинчи босқичида сусткашликка йўл қўйилаётганини танқид қилди. Бу ҳақда Xabar.uz мухбири маълум қилди.

— Фарғонадаги текстил корхоналари ип-калава етиштиришни 192 фоизга бажаришади, яъни вилоятда етиштирилаётган пахта тўлиқ қайта ишланиб, бошқа вилоятлардан ҳам олиб келинади. Аммо мана шу маҳсулот ип-калава кўринишида экспортга чиқарилмоқда. Пахтани қайта ишлашнинг учинчи-тўртинчи босқичлари бор-йўғи 17 фоиздан иборат.

Ҳозир ип-калава ўзимизга етишмаяпти, сиз эса шунчаки четга сотиб юбормоқдасиз. Текстил корхоналари учинчи-тўртинчи босқичга ўтиши шарт. Фарғона вилоятида 81 минг гектар ерга пахта экилади. Мана шу ерда етиштирилаётган хом-ашёни тўлиқ қайта ишласак миллиардлаб доллар экспорт қилиш имкони пайдо бўлади, — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари шунингдек янги корхоналарни лойиҳалаштиришда замонавий услубдан фойдаланишни талаб қилди.

— Японияда битта автомобил заводи қуриш учун 10 гектар ер етарли. Улар 25-қаватга ҳам станок ўрнатади. Нима учун бизнинг автомобил заводимиз 50 гектар ерни эгаллаши керак? Билиб қўйинг, Фарғонада ҳам Япония ва Хитойда бўлгани каби аҳоли зич яшайди, ер танқис. Демак ишни замонага мос ташкил этишимиз керак, — деди Президент.

Шавкат Мирзиёев бунинг учун лойиҳалар фабрикаси имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш лозимлигини таъкидлади. Бунинг учун ҳудуднинг ўзига ҳос жиҳатларини ўрганиш ва янги бизнес режаларда барча имкониятлардан фойдаланиш лозим бўлади.

— Биз нафақат ер ости бойликлари, балки шамолнинг хусусиятларини ҳам ўрганишимиз керак. Муқобил энергиядан фойдаланиш учун фақат йирик лойиҳалар бўлиши шарт эмас, масалан, 5-10 миллион долларлик шамол электр станциялари қурса ҳам бўлади. Балки қаердадир кичик ГЭС қуриш мумкиндир. Мана шундай шамол ва сувга ишлайдиган кичик электр станциялари биттагина маҳаллани марказий тизимдан узиб, ток билан таъминлаб берса, раҳмат айтаман.

Лойиҳалар фабрикаси булоқдек қайнаши лозим. Худди шифобахш булоқдан чиққан минераллар одам танасига соғлик бергандек, лойиҳалар булоғи иқтисодни соғломлаштириши керак, — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент тадбиркорларда бизнес ғоялари кўп бўлиши ва уларни амалга оширишда ёрдам бериш лозимлигини айтиб ўтди.

— Биз кўрган фабрикадаги аёллар 2 миллион сўм маошга кўзи ёниб ишламоқда. Мен қачон бахтли бўламан? Қачонки ўша аёллар 2 миллион эмас, 10 миллион сўм ойлик олса, ўзимни бахтли ҳис қиламан. Бунинг учун кўп ишлаш, лойиҳаларни кенгайтириш керак бўлади.

Бизнинг забардаст ва уддабурон халқимиз бор, тадбиркорлар етарли. Уларга бироз ёрдам бериб юборсак бўлгани, — деди Президент.

Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига сафари давом этмоқда. Xabar.uz ахборот-таҳлилий портали ташрифга доир янгиликларни ёритишда давом этади.

2 302 Ko'rishlar