Президент ташрифидан сўнг Наманган вилоятида нималар ўзгарди?

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 26-27 июнь кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлар ижроси узоқ йиллардан буён аҳолини қийнаб келаётган бир қатор муаммоларни бартараф этишда муҳим омил бўлди.

Хусусан, вилоят марказида бошқарув ва аҳоли учун ижтимоий, маиший қулайликлар яратиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида Наманган шаҳри бўйсунувида Давлатобод тумани ташкил этилди. Кўп йиллик муаммолардан бири – яроқсиз ҳолга келиб қолган Норин дарёси кўприги Уйчи ва Норин туманларини Андижон вилоятининг Балиқчи тумани билан боғловчи йўл бўлиб, бюджет маблағлари ҳисобидан ажратилган 8,3 миллиард сўм ҳисобига кўприк реконструкция қилинди. Наманган шаҳридаги “Ҳудудий оқова сув тозалаш” иншоотини реконструкция қилиш ишларига Республика бюджетидан 23,9 миллиард сўм маблағ ажратилиб, лойиҳа ишлари бошлаб юборилди. Наманган шаҳридаги собиқ эндокринология диспансери биносида 150 ўринли болалар шифохонасини ташкил этиш учун 5 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Президентимиз ташрифида Наманган темир йўл вокзали замонавий қиёфа касб этгани, Фарғона водийси халқа темир йўли бўйлаб тезкор электропоездлар қатновида водий шаҳарлари ва юртимизнинг бошқа ҳудудлари билан транспорт боғланишида муҳим бўғин экани қайд этилган эди. Водий аҳлини пойтахт билан боғлайдиган йўлда янада қулайликлар яратиш мақсадида 2021 йилнинг 16 февралдан бошлаб йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилди. “Тошкент – Наманган – Андижон” йўналишидаги йўловчи поезди ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари, “Андижон – Наманган –Тошкент” йўналишидаги поезд эса чоршанба ва шанба кунлари ҳаракатланади. Қайд этиш керакки, пойтахтга йўл оладиган поезд Наманган шаҳридаги вокзалга тўхтаб ўтиши анча йиллардан бери кутилаётган воқеалик ҳисобланади. Ҳозиргача бунинг учун Поп туманидаги бекатга боришга тўғри келарди. Ҳафтанинг ҳар сешанбасида Фарғона водийси бўйлаб халқа электричка поезди қатнови ҳам йўлга қўйилди. Намангандан йўлга чиққан поезд Андижон, Марғилон ва Қўқон бекатларида тўхтаб ўтади.

Ўтган йили аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 1 минг 78 та хонадондан иборат жами 40 та кўп қаватли турар жой бинолари қуриб битказилди. Шунингдек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида аҳолига 829 та субсидия ажратилиб, бунга давлатимиз раҳбарининг ташрифи чоғида яна қўшимча тарзда 500 та, жами 1 329 та субсидия ажратиб берилди.

“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясида Наманган вилоятида намунавий этиб, Давлатобод, Норин ва Тўрақўрғон туманлари белгиланди. Бу борада ушбу туманларнинг таълим, ижтимоий соҳа, туризм, ободонлаштириш, қишлоқ хўжалиги, давлат бошқаруви органлари фаолиятини рақамлаштириш йўналишларига 67,8 миллиард сўмга тенг 57 та лойиҳа ва тадбир амалга ошириш белгиланган. Бундан ташқари, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан миллий почта тизимини ислоҳ қилиш мақсадида Янгиқўрғон тумани почта алоқа боғламасига қарашли учта алоқа бўлими давлат хусусий шерикчилик асосида тадбиркорлик субъектларига берилди.

Ташрифда Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларини мева-сабзавотчиликка ихтисослаштириш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди. Шу муносабат билан 2021-2022 йилларда жами 8 минг 220 гектар, шу жумладан, Косонсой туманидан 3 минг гектар, Чортоқ туманидан 2 минг 100 гектар, Янгиқўрғон туманидан 3 минг 120 гектар ғалла майдонлари қисқартирилади. Ушбу қисқартириладиган майдонлар асосан қишлоқ хўжалиги кластерлари, кооперация, экспортёр, қишлоқ хўжалиги корхоналари, кўп тармоқли фермер хўжаликларига берилади.

Вилоятдаги 7 та тўқимачилик-пахта кластери томонидан 63 минг 406 гектар ер майдонидан 211 минг 357 тонна пахта хом-ашёси йиғиб олиниб, шартномавий режа 105 фоизга ортиғи билан бажарилди. Эътиборлиси, ўтган йили илк бор пахта шартномаси мавжуд 10 та туманда белгиланган режа тўлиқ ва қисқа фурсатда бажарилишига эришилди. Масалан, “Art soft holding” масъулияти чекланган жамияти томонидан Мингбулоқ ва Поп туманиларида 63 минг 900 тонна пахта хом-ашёси йиғиб олинди.

Вилоятда чорвачиликни кенг оммалаштириш мақсадида ўтган йили хориждан 4 минг 252 бош қорамоллар олиб келиниб, барча тоифадаги хўжаликлардаги наслли қорамоллар сони 748 минг бошга етказилди. 2020 йилда жами 158 минг тонна гўшт, 734 минг тонна сут маҳсулотлари етиштирилди. Олиб келинган қорамоллар ҳисобига гўшт ва сут маҳсулотлари 2019 йилга нисбатан 8,6 минг тоннага, сут ишлаб чиқариш 38,4 мингга тонна оширилди.

Президентимиз ташаббуси билан Чортоқ туманидаги Баланд адир даштликларида узоқ йиллар давомида фойдаланилмаган 36 гектар майдондаги ҳар бири 2 сотихли мингта иссиқхона лойиҳаси “Голден Натс Наманган” агро томорқа хизмати масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида амалга оширилди. Ушбу лойиҳанинг афзаллиги шундаки, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида бир жойда экспортбоп сифатли маҳсулот етиштирилади, камбағал оилалар доимий даромад манбаига эга бўлади. Яна бир қулайлик жиҳати шундаки, маҳсулотни етиштиришда кўчат, сув, минерал ўғит ва бозор таъминоти етакчи тадбиркор томонидан кафолатланади.

Мактабгача таълим тизимида ҳам сезиларли ўсишга эришилди. Вилоятда жами 6 ёшли болалар 55 минг 942 нафарни ташкил этиб, шундан, 46 392 нафари, бошқача айтганда, 82,9 фоизини мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олишга эришилди. Жорий йил давомида умумий қуввати 7 минг 55 нафарни ташкил этувчи 2 та давлат ва 252 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилди. Хусусан, давлат хусусий-шерикчилиги асосида умумий қиймати 18,9 миллиард сўмлик 11 та мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Вилоятдаги халқ таълими муассасаларида ўқувчиларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўғил болалар учун дурадгорлик, чилангарлик, қиз болалар учун паззандачилик, чеварчилик тўгараклари ташкил этилди. Корея Республикасининг “Эксимбанк” кредит маблағлари ҳисобидан “Мактаб таълимида ахборот-коммуникацион технологияларини янада ривожлантириш” лойиҳаси асосида вилоятдаги 103 та умумтаълим мактабига 103 тўплам (1 минг 583 дона) компьютер техникалари келтирилди.

Вилоятдаги мавжуд учта олий таълим муассасасида профессор-ўқитувчилар томонидан 1,3 миллиард сўмга тенг бўлган 7 та халқаро ва 8 та республика лойиҳаси амалга оширилмоқда. Жумладан, Наманган давлат университетида Жаҳон банки гранти орқали 200 минг доллар миқдорига тенг, Марказий Осиёда ягона бўлган балиқчилик бўйича ўқув-амалий тренажёр мажмуаси лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Бутун дунё мамлакатлари қаторида юртимизни ҳам четлаб ўтмаган коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитга қарамасдан карантин даврида вилоят соғлиқни сақлаш тизимига 161 миллиард 707 миллион сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, тиббий асбоб-ускунлар, дори-дармон ва тиббий буюмлар олиш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 14,3 миллиард сўм йўналтирилди. Коронавирус инфекциясининг бошланғич босқичларини эрта аниқлаш учун 15 та замонавий рақамли партатив рентген аппарати келтирилиб, шаҳар ва туманларга тарқатилди.

Ўтган йили Наманганга жами 34 мингдан зиёд турист ташриф буюди. 4 та янги туристик компания рўйхатга олиниб, уларнинг сони 29 тага етди. Ҳозирга қадар 25 та янги меҳмонхона, Янгиқўрғон ва Поп туманларидаги туристик манзилларда 48 та меҳмон уйлари фойдаланишга топширилди. Маданият вазирлиги маданий мерос департаменти ва Наманган давлат университети билан ҳамкорликда “Ахсикент” ва “Мунчоқтепа” археологик ёдгорлигини умумжаҳон ЮНЕСКО рўйхатига киритиш учун номзоднома тайёрланмоқда. Туризм хизматлари экспорти ҳажми 5,4 миллион долларни ташкил этди. Ички ва ташқи ҳамда зиёрат туризмларини кенг қулоч ёйиши мақсадида Чортоқ туманидаги “Султон Увайс Қараний”, Тўрақўрғон туманидаги “Ахсикент очиқ осмон музейи”, Чуст туманидаги “Бибиона” ва Поп туманидаги “Ҳазрати Боб” зиёратгоҳларини қурилиш ҳамда реконструкция ишларига бюджет ҳисобидан 26,8 миллиард сўм сарфланди.

Вилоят бўйича 34 минг 761 та эҳтиёжманд оилада 47 минг 757 меҳнатга лаёқатли ишсиз киши “Темир дафтар” рўйхатига олинган. Ҳозирга қадар эҳтиёжманд оилаларнинг 29 711нафари ёки 85 фоизи ҳудудлардаги туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашлари қарорлари асосида эҳтиёжманд оилалар рўйхатидан чиқарилди. Бунинг натижасида 34 минг 761 та оиладаги 48 минг 754 киши ёки 100 фоизи ишга жойлаштирилди.

“Темир дафтар”даги оилаларни қўллаб-қувватлаш мсақсадида 91,9 миллиард сўм миқдоридаги моддий ёрдам пуллари ва зарур маҳсулотлар тарқатилди.

Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида ҳам яхши кўрсаткичларга эришилди. Йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот 26,6 триллион сўм ёки 104,8 фоизни ташкил этди. Аҳолини турмуш даражасини ошириш, бюджет даромадларини кўпайтириш мақсадида тадбиркорлик соҳасини кенг ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, пандемия даврида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 252 та корхонанинг 5,6 миллиард сўм солиқ қарздорлиги муддатлари узайтирилди. 33,1 миллиард сўмлик инкасса топшириқномалари қайтариб олиниб, 225,7 миллион сўмлик устама ҳисобдан чиқарилди. Тадбиркорлик субъектларининг 172,5 мингта кредит шартномаси бўйича жами 1,2 триллион сўмлик тўловларнинг муддати узайтирилди. Вақтинчалик ўз фаолиятини тўхтатган 6 минг 582 та тадбиркорлик субъекти фаолияти қайта тиклашга эришилди. 6 минг 202 та янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди. 99 минг 101 нафар аҳоли ва тадбиркорлик субъектига 4,4 триллион сўм кредит маблағи ажратилди. Бунда, “Ҳар бир оила – тадбиркор дастури”да 768,4 миллиард сўм, “Yoshlar kelejagimiz” дастури доирасида 36,9 миллиард сўм, “Аёллар жамоат фонди” ҳисобидан 6,6 миллиард сўм, томорқа ер эгалари кенгаши ҳисобидан 7,9 миллиард сўм кредит берилди.

Ўтган йил мобайнида вилоятда 12,4 триллион сўм миқдорида инвестициялар ўзлаштирилган. Ҳудудий дастурга асосан 7,8 триллион сўмга тенг жами 1 минг 707 та лойиҳа ишга туширилиб, 29 минг 74 та янги иш ўрни яратилди. 127 миллион доллар маҳсулот экспорт қилинди. Жами 275,3 миллион доллар хорижий инвестиция маблағи ўзлаштирилиб, белгиланган прогноз 113 фоизга бажарилди. Вилоятда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан 48 та хорижий давлатга 378 миллион долларга тенг бўлган 318 турдаги маҳсулотлар экспорти амалга оширилди. Экспорт географиясини кенгайиши натижасида илк маротаба Испания, Сингапур, Миср, Македония, Гана ва Кипр давлатларига саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди.

Вилоятда тадбиркорликни ривожлантиришнинг “драйвери”, яъни ўсиш нуқтаси сифатида кичик саноат зоналарини ташкил этиш муҳим йўналиш сифатида белгилаб олинди. Хусусан, вилоятнинг барча ҳудудларида 97,8 гектар ер майдонида ёш тадбиркорлар учун 12 та “Ёшлар” кичик саноат зоналари ташкил этилди.

Биргина мисол, Давлатобод тумани “Юксалиш” даҳасида ташкил этилган “Ёшлар” кичик саноат зонасида 65 та лойиҳа бўйича қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Янги саноат ҳудудида келгусида “Ёшлар дафтари”га киритилган ўғил-қизлар учун 3,5 мингта янги иш ўрни яратилади. Айни вақтда 700 нафарга яқин ёшлар қурилиш ишларига жалб этилган.

Давлатимиз раҳбари ташрифи давомида “Юксалиш” кичик саноат зонаси фаолияти билан яқиндан танишиш чоғида вилоятнинг ҳар бир туман (шаҳар)ида икки йил ичида камида 4 тадан, яъни ҳар бир сектор раҳбари ҳудудида биттадан кичик саноат зоналарини ташкил этиб, улар сонини ҳозирги 14 тадан 50 тага етказиш бўйича аниқ топшириқлар берилган эди.  

Президентимиз кўрсатмасидан келиб чиқиб, Наманган тажрибаси сифатида шаҳар ва туманларнинг ҳар бир секторида янги кичик саноат зоналари ташкил этишга киришилди. Уларнинг сони эса 72 тага етказилади. Уларда умумий қиймати 6,9 триллион сўмлик 1 625 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш ва 74 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Дарвоқе, вилоятдаги кичик саноат зоналари учун Президентимиз ташаббуси билан 50 миллион АҚШ доллари ажратилди. Бу экспортёр корхоналар маҳсулотларига чет элда мувофиқлик сертификатини олиш харажатларини қоплаб бериш; ташаббускорларнинг халқаро бозор ва кўргазмалардаги иштирокини молиялаштириш, коммуникация тортиш харажатларини қоплаш каби мақсадларга йўналтирилмоқда.

Наманган вилоятида амалга оширилган 2020 йилда 17 минг 53 лойиҳа ишга тушиши натижасида 39 минг 920 та янги иш ўрни яратилди. Жумладан, янги кичик корхона ташкил этиш ҳисобига 9 минг 994 та, якка тартибдаги тадбиркорлик ҳисобига 11 минг 181 та янги иш ўрни юзага келди. Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига мурожаат этган 41 минг 254 киши ишга жойлаштирилди, 75 минг 504 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилиб, уларнинг иш ҳақи учун 56,6 миллиард сўм ажратилди.

Манба Uza.uz

105 Ko'rishlar