Президентнинг қариндошларига янги тақиқлар жорий этилмоқда

Президентнинг акаси, опаси ва фарзандлари миллий компанияларда раҳбар лавозимларига ишга жойлаштирилмайди. Бу ҳақда Қозоғистон адлия вазири Қанат Мусин маълум қилди.

«Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ўзининг сўнгги мурожаатномасида президентнинг яқинларининг ишга жойлашиши масаласига алоҳида урғу берган эди. Қосим-Жўмарт Тўқаев инсон ва фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати эканини ҳисобга олиб, президентнинг яқин қариндошларига давлат ва квази-давлат тузилмаларида раҳбарлик лавозимларини эгаллашни конституциявий равишда тақиқлашни таклиф қилди», — деди вазир.

Шу билан бирга, у қонунга мувофиқ кимлар президентнинг яқин қариндоши экани ва улар қандай лавозимларни эгаллаши мумкин эмаслиги масалаларига ҳам батафсил тўхталиб ўтди.

«Қонунга кўра, яқин қариндошлар деганда ота-оналар, болалар, фарзандликка олувчилар, фарзандликка олинганлар, бир ота-онадан ёки бошқа-бошқа ота-онадан туғилган ака-ука ва опа-сингиллар, бобо-бувилар ва набиралар киради. Бундан ташқари, коррупцияга қарши қонунчиликда қуда томонга, яъни эр-хотиннинг яқин қариндошларига нисбатан ҳам чекловлар қўйилган. Ўз навбатида, Президент қарори билан вазирлар, уларнинг ўринбосарлари, ҳокимлар, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари ва бошқаларни ўз ичига олган сиёсий ва маъмурий давлат хизматчилари лавозимларининг реестри белгиланди», — деди Қанат Мусин.

Унга кўра, квази-давлат секторига давлат иштирокчиси бўлган ташкилотлар киради.

«Шундай қилиб, қонунчилик даражасида тегишли тақиқлар белгиланса, масалан, президентнинг укаси, опаси ва фарзандлари «Самруқ-Қазна» ёки «Байтерек» каби миллий компанияларда раҳбарлик лавозимларида ишлай олмайди», — деди у.

Шунингдек, конституцияда президентнинг яқин қариндошларининг юқори лавозимларда ишлаши тақиқланган. Қонун кучга кирганидан кейин президентнинг яқинлари лавозимидан озод қилинади.

«Умуман олганда, конституцияга президентнинг яқин қариндошларининг сиёсий лавозимларда ишлашини тақиқловчи норма киритилади. Сиёсий лавозимлар рўйхати жуда кенг. Унга маълум миқдордаги дипломатлар ҳам киради. Сиёсий лавозимлар рўйхатини исталган одам кўриб чиқиши мумкин», — деди вазир.

6 801 Ko'rishlar