“ОАВга тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича ишлар бошланган” — Асадов

Ўзбекистонда журналистларга тазйиқ ўтказганлик учун жавобгарлик белгиланмаган. Жавобгарлик белгилашга оид ташаббуслар эса бир неча йилдан буён амалга ошмай келмоқда.

Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов бугун, 4 май куни журналистика соҳасида “Олтин қалам” мукофотини топшириш маросимидаги нутқида журналистларга босим ўтказганлик учун жавобгарлик кучайтирилишини эслатиб ўтди.

“Амалдаги қонунчиликда давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш каби ҳаракатлар содир этилгани бўйича жавобгарликни кучайтириш бўйича бугун керакли ишлар бошланган”, – деди Асадов.

“Шубҳасиз, қаерда миллий матбуот эркин ва кучли бўлса, ўша мамлакатда халқчил ислоҳотлар ҳам бардавом бўлади. Кучли матбуотни эса ўз фаолиятида холислик, адолат ва ҳақиқат мезонларига амал қилувчи профессионал журналистлар яратишига ишончим комил”, – дея таъкидлади президент матбуот хизмати раҳбари.

Kun.uz аввалроқ ёзганидек, ОАВ ходимлари фаолиятига қаршилик учун жазо белгилаш масаласи қатор воқеалар фонида бот-бот кўтарилаётган бўлса-да, ижобий ҳал бўлмаяпти. Натижада уларга тўсқинлик қилиш ҳолатлари давом этмоқда.

2019 йилдаёқ журналистик фаолиятга тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик киритиш бўйича қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган эди. 2020 йилда жавобгарликни жорий этишни назарда тутувчи яна бир қонун лойиҳаси эълон қилинди.

2021 йил бошида яна бир лойиҳа – янги таҳрирдаги Жиноят кодекси лойиҳаси эълон қилинди. Унда ҳам журналист фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик жорий этиш кўзда тутилган. Бироқ ҳозирга қадар юқоридаги лойиҳаларнинг ҳеч бири қабул қилинмади.

Журналистларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари устидан парламентга мурожаат этиш ҳуқуқини қонунийлаштириш масаласи ҳам қандай очилган бўлса, шундай очиқлигича қолди.

2020 йили парламентда кўрилган масала – ОАВга маълумот бермаслик ёки нотўғри маълумот берганлик учун жавобгарлик белгилаш ҳам қоғозда қолиб кетган эди.

2021 йилги Давлат дастурига биноан, сўз эркинлигини таъминлаш ва ОАВни ҳар томонлама ривожлантириш учун ҳуқуқий асосларни кучайтиришга оид президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланганди. АОКА ишлаб чиққан қарор лойиҳаси ҳамон тасдиқлангани йўқ.

Бундан 6 ой олдин АОКА директори Асад Ходжаев Kun.uz саволига жавобан журналистик фаолиятга тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш масаласи йил охиригача ҳал бўлиши мумкинлигини айтганди.

Таъкидлаш керакки, қатор қонунларда журналистларнинг босимлар ва таҳдидлардан ҳимояланиши қайд этилган бўлса-да, кодексларда бунга нисбатан жавобгарлик киритилмаган.

manba: Kun.Uz

936 Ko'rishlar