Наманган вилояти ҳокими Шавкат Aбдураззоқов ҳокимликдаги қимматбаҳо машиналар нега кераклигини айтди

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Aбдураззоқов Kun.uz наширга берган интервьюсида ҳокимларнинг бюджетдан маблағ олиб, уни қимматбаҳо автомашиналар сотиб олишга сарфлашига тўхталиб ўтди.

У машиналарни зарур ҳолда олиш кераклиги, бу нарса чет элдан келадиган инверторларни кутиб олишга мўлжаллангани, шу орқали кўплаб инвестициялар келиши мумкинлигини таъкидлади.

«Ортиқчаси дабдаба ҳисобланади, лекин зарури бор. Мен ўзим келиб машина олганим йўқ, борларидан фойдаланяпман. Ўтган ой Покистоннинг Панжоб вилояти губернатори келди. 110 млн аҳолиси бор вилоят губернатори Наманган вилоятига ташриф буюрди. Мен келишини ўйламаган эдим. Шаҳар ҳокимлигини юборганимда, бизни қабул қилишган. Бутун жаҳондаги ҳокимият тизимида у ердаги вилоятнинг губернатори жуда ҳам „катта“ одам ҳисобланади. Бу дипломатик муносабатлар учун керак. У келганида бизнинг кутиб оладиган машина бўлмаса ёки арзон машина бўлса… Бу орқали кўплаб инвестиция келиши мумкин. Масалан, чет элдан жуда катта инвесторлар, миллионерлар келади. Уларни кутиб олиш учун яхши шароит бўлиши керак. Ўринбосарлар масаласига келсак, улар чиқиб кимнидир кутиб олса ўша инсонлар ҳам шунга қараб баҳо беради», — деди Шавкат Aбдураззоқов.

Ҳокимнинг айтишича, машиналар учун ортиқча ҳаражат қилишнинг ўрнига шу пулларни йўлга, сувга, камбағалликни қисқартиришга сарфлаш мақсадга мувофиқ бўлади.

9 144 Ko'rishlar