Наманган вилояти ҳокими: “Бу йил ортиқча бир сўм топсак ҳам йўлга сарфлаймиз”

Наманган вилояти ҳокимлигида вилоятда 2021 йилда амалга ошириладиган йўл ишлари тақдимоти ўтказилди.  

Ҳокимлик хабар беришича, вилоятда жорий йилда умумий узунлиги 415 километр бўлган йўлларни қуриш ва таъмирлаш кўзда тутилган. Бунинг учун 531 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланади.  

Жумладан, “Курнос—Араб—Ғова” умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлини қуриш, “Косонсой—Поп” йўналишида 3,6 километр узунликда янги автомобиль йўли барпо этиш, “Исковот—Косонсой—Тўрақўрғон—Жомашўй—Сойбўйи”, “Тўрақўрғон—Наманган—Чортоқ—Кесканёр—Сассиқсой”, “Косонсой—Равот—Чуст—Поп—Навбаҳор” автомобиль йўлларининг айрим қисмларини реконструкция қилиш режалаштирилмоқда.  

Наманган шаҳридаги марказий кўчаларни таъмирлашга 125 миллиард сўм ажратилади. ЭИЗ ва кичик саноат зоналари йўлларини бугунги кун талаблари даражасига келтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

—Янги йилнинг дастлабки кунларини йўллар мавзусидан бошлаётганимиз бежиз эмас. Бу йил йўллар биз учун сиёсатга айланади. Ортиқча бир сўм топсак ҳам йўлга сарфлаймиз. Шу орқали йиллар мобайнида эътибордан четда қолган йўлларимиз ҳолатини ўнглаймиз, автомобиль тиқинлари муаммосини ечишга ҳаракат қиламиз, — деди ҳоким Шавкатжон Абдураззақов.  

Тадбир давомида вилоят раҳбари йўлларни ҳолатидан келиб  чиқиб “қизил”, “сариқ” ва “яшил” ҳудудларга ажратиш, абгор ҳолатга келган йўлларни ички имкониятлардан келиб чиқиб таъмирлаш ишларини зудлик билан бошлаш юзасидан ўз таклифларини билдирган.

manba: Darakchi.uz

1 451 Ko'rishlar