Наманган ва Жалолобод «Биродар ҳудудлар» дея эълон қилинди

Наманганга Қирғизистон ҳукуматининг Жалолобод вилоятидаги ваколатли вакили Абдусаттор Сирғабоев бошчилигидаги делегация келди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Жалолобод делегацияси таркибидан вилоят маъмурияти, ҳуқуқ-тартибот идоралари, саноат корхоналари ва ОАВ вакиллари, тадбиркорлар, жами 30 нафарга яқин киши ўрин олди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Меҳмонларни Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов қабул қилди. Музокаралар давомида икки вилоят ўртасида савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, чегара пунктларини очиш хусусида сўз борди.

Наманган шаҳридаги «Уч фаввора» хиёбонида Наманган ва Жалолобод вилоятлари «Биродар ҳудудлар» дея эълон қилинишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маросимда Наманган ва Жалолобод вилоятлари раҳбарлари, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ибройим Юсупов ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Тадбир давомида Наманган ва Жалолобод вилоятлари ўртасида биродарлик ришталари ўрнатилганини акс эттирувчи монумент ўрнатилди ва Қирғизистон давлат байроғи кўтарилди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Қирғизистон делегациясининг ташриф дастуридан Намангандаги кичик саноат зоналари, ишлаб чиқариш корхоналари ва диққатга сазовор масканлари билан танишув, Наманган саноат маҳсулотлари кўргазмаси ҳамда тадбиркорларнинг B2B форматидаги музокаралари ўрин олган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот учун, Наманган вилоятининг 7 та тумани Жалолобод вилояти билан чегарадош ҳисобланади. Вилоятнинг жами экспортида Қирғизистон Республикасининг улуши 25 фоизни ташкил этади.

1 523 Ko'rishlar