Наманганда сув талашиб, 63 ёшли фуқарони уриб ўлдириб қўйган шахсга жиноят иши қўзғатилди

Наманганда сув талашган фуқароларнинг жанжали ўлим билан якунланди, деб хабар беради вилоят ИИБ ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, 6 июль куни соат 21:00 ларда Давлатобод туманида яшовчи 56 ёшли Н.О. МЧЖга қарашли мевали боғда шу ерда деҳқончилик билан шуғулланган, Тўрақўрғон туманида яшаган 63 ёшли М.Н. билан сув талашиб ўзаро жанжаллашган.

Жанжал оқибатида Н.О. қўли билан М.Н.нинг бош қисмига урган ва у ерга боши билан йиқилиб, тан жароҳати олган. Шундан сўнг, Н.О. фуқаро М.Н.ни Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмасига олиб борган.

Жабрланувчи олган тан жароҳати бўйича Тўрақўрғон туман марказий шифохонасига ётқизилиб, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан 10 июль куни вафот этган.

Суд-тиббий экспертизаси маълумотига кўра, марҳумнинг баданида ташқи тан жароҳатлари мавжуд эмас, унинг ўлими бош мия ёпиқ шикасти, бош мия тўқима остига қон қуйилишидан келиб чиққан.

Мазкур ҳолат бўйича Наманган шаҳар Давлатобод тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Фарғонада сув талашиб, танишини тошбўрон қилган шахсларга нисбатан жиноий иш очилгани, Бўкада мол боқиш учун яйлов талашган эркак ҳамқишлоғининг қорнига ўроқ санчиб олгани тўғрисида хабар берилганди.

2 595 Ko'rishlar