Мактабларда 1-синфга қабул қачондан бошланиши маълум қилинди

15 июндан Республика умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул бошланади. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова маълум қилди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг марказидаги умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул жараёнлари тажриба-синов тариқасида электрон шаклда амалга оширилади. Жараён 2 босқичда бўлади:

Биринчи босқичда ота-оналар 2021 йилнинг 15 июнидан 5 июлига қадар my.maktab.uz электрон плафтормаси орқали рўйхатдан ўтиб, фарзандлари 1-синфга чиқадиган мактабларни танлайдилар.

Бунда ота-оналарга 3 та мактабни танлаш имконияти берилади. Биринчи мактаб-ота-она доимий истиқомат қилаётган ҳудуддаги мактаб, яъни яшаш манзили бириктирилган микроҳудуддаги мактаб;

Иккинчи ва учинчи мактаблар — ота-оналарнинг ихтиёрий танлови асосида фарзандларини қатнаши учун қулай бўлган мактаблар.

Иккинчи босқичда 2021 йилнинг 6 июлидан 31 июлга қадар ота-оналар электрон плафторма орқали танлаган биринчи мактабга, яъни бириктирилган микроҳудуддаги мактабга ҳужжатларини топширадилар, бунда ҳужжатларни топшириш тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади. Ота-оналарнинг доимий яшаш манзили бўйича бириктирилган микроҳудуддаги мактабга жойлашишлари кафолатланади.

Агар ота-оналар микроҳуддуддаги мактабни эмас, бошқа мактабларни танлаган бўлса, яъни электрон рўйхатдан ўтиш вақтида танлаган иккинчи ёки учинчи мактабларнинг бирида бўш ўринлар бўлган тақдирда 1-15 август кунлари ҳужжатларини топширишлари мумкин бўлади.

Қолган ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг бошқа туман (шаҳар)лари) умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул анъанавий шаклда, яъни бевосита мактабда амалга оширилади.

Қабул анъанавий шаклда амалга ошириладиган ҳудудларда ота-оналар бевосита 2021 йилнинг 15 июндан -15 июлга қадар доимий яшаш манзили бўйича бириктирилган микроҳудуддаги мактабга фарзандларини 1-синфга жойлаштриш учун ҳужжатларини топширишлари мумкин.

1 994 Ko'rishlar