Криштианунинг Манчестер Юнайтедга ўтишига ким сабабчи бўлган?

Хабарингиз бор, кеча, 27 август куни португалиялик футбол юлдузи Криштиану Роналду “Манчестер Юнайтед” клуби футболчиси, деб эълон қилинди.

Британиянинг “Goal” нашри Криштиану Роналдунинг МЮга қайтиш тафсилотларини маълум қилди.

Гап шундаки, МЮ Роналдуга таклиф юборишига айнан Сэр Алекс Фергюсон сабабчи бўлган. 27 август куни эрталаб, Криштиану Роналду ва Алекс Фергюсон ўзаро телефонда суҳбатлашишган.

Роналдунинг “Сити”га ўтиши ҳақидаги хабарлар фонида Алекс Фергюсон Криштиануга қўнғироқ қилган. Ўша вақтда “Сити” Роналдуга қизиқаётган ягона клуб эди. Сэр Алекс Роналдуга қўнғироқ қилганидан кейин, МЮ ишга киришган ва футболчига таклиф юборган.

Манбанинг маълумотларига кўра, ушбу трансферда катта ролни айнан Сэр Алекс Фергюсон ўйнади. Роналдунинг агенти Хорхе Мендеш билан яхши алоқалари ҳам Алекс Фергюсонга бу ишни ижобий ҳал қилишда ёрдам берган.

“Унинг қайтганидан хурсандман. МЮ унинг уйи, мен унинг бу ерга яна келишига ёрдам берганимдан бағоятда шодман. Умид қиламанки, Роналду бу ерда ёшлик дамларини ёдга олиб, янада яхшироқ ўйин кўрсатади”, дейди Сэр.

Маълумот учун, Роналду трансфери МЮга 15+8 миллион еврога тушган. У FIFA йиғинларидан кейин жамоага келиб қўшилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 августидан 8 сентябригача FIFA йиғини бўлиб ўтади.

5 787 Ko'rishlar