Инвесторлар ҳуқуқларининг самарали ҳимояси таъминланади

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар одил судлов жараёнида фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини янги босқичга олиб чиқди.
Президентимиз таъбири билан айтганда, сармоя киритаётган инвестор, биринчи навбатда ўз ҳуқуқларини суд орқали кафолатли ҳимоя қилинишига эътибор беради.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чо­ра-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони фикримизнинг ёрқин ифодасидир.
Фармонда фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқу­қини амалда таъминлаш билан боғлиқ долзарб муаммоларга алоҳида эътибор қаратилиб, судларда инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ўз вақтида ва самарали ҳи­моя қилиш борасида сўз юритилган.
Бугун Наманган вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Наманган туманлараро иқтисодий суди ҳодимлари, вилоят солиқ ходимлари, тадбиркорлар, хорижий инвесторлар, божхона ходимлари ҳамда Савдо саноат палатаси Наманган вилояти худудий бошкармаси ходимлари иштирокида “Инвестициявий низоларни судда кўриб чиқишнинг хусусиятлари” мавзусида давра сухбати ўтказилди.
Тадбирни вилоят суди иқтисодий ишлар судлов ҳайъати раиси Анваржон Хоназаров очиб фармонга мувофиқ Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркиби ташкил этилганлиги, илгари Олий суд тузилмасида бундай судлов таркиби бўлмагани, бундан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш, инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, уларнинг ишончини мустаҳкамлаш эканлигини тушунтирди.
Бундан ташқари давра сухбатида, 2021 йил 12 январда «Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қи­линганлиги, унга кўра Иқтисодий процессуал кодексига иқтисодиёт соҳасида инвесторлар ҳамда давлат органлари ўр­тасидаги инвести­ция­вий шартномалардан келиб чиқадиган низолар бў­йича ва рақобатга оид ишларни тааллуқлилиги ва тегишлилигига оид нормалар киритилганлигига алоҳида урғу берилди.
Жумладан, йирик инвестор ва рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар Олий суднинг инвестициявий низоларни ҳам­да рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби томонидан кўрилиши, қол­ган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши белгиланганли йиғилганларга тушунтириб ўтилди.
Инвестициявий таркибнинг ташкил этилиши инвесторлар низоларни ҳал қилиш учун турли суд инстанциялари ўртасида ойлаб сарсон бўлишларининг олдини олади ва уларнинг муаммолари битта судда ҳал қилинишини таъминлайди. Шу билан инвесторларнинг одил судловга ишончини кучайтириш орқали республиканинг инвестициявий жозибадорлиги ортишига хизмат қилиши ва хусусий мулк ҳуқуқи қонун ва суднинг кафолатли ҳимоясида бўлиши таъминланиши таъкидланди.
Давра сухбатида иштирокчиларнинг саволларига жавоб берилиб, уларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари тингланди.

Наманган вилоят суди жамоатчилик
ва ОАВ билан ишлаш бўлими

524 Ko'rishlar