ДХХнинг собиқ биноси сотувга қўйилди

Собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Сайилгоҳ кўчасида жойлашган бош қароргоҳи аукцион савдоларига қўйилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар қилмоқда.

 Агентлик сайтида жойланган эълонда бино ҳудуди, унинг виртуал 360° даражали суратлари билан танишиш учун ҳавола ҳам қўйилган.

 Таъкидланишича, давлат активини сотиш икки босқичда ўтказилади.

  •  Биринчи босқичда – талабгорлар олдиндан малакаланади (сараланади), жумладан, савдоларда қатнашиш учун талаб қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлиги, закалат пули келиб тушганлиги, давлат активидан келгусида фойдаланиш йўналишларига қўйилган талабга нисбатан талабгор томонидан таклиф этилган бизнес концепцияси лойиҳасининг мақбул ёки мақбул эмаслиги кўриб чиқилади;
  •  иккинчи босқичда – талабгорнинг тижорат таклифлари (сотиб олиш нархи ва тўловни амалга ошириш муддати) ҳамда тўлов қобилияти баҳоланади.

Савдонинг биринчи босқичида иштирок этиш учун талабгорлар 2021 йил 10 май соат 18:00 га қадар (Тошкент вақти билан) ўзбек ёки рус ёхуд инглиз тилларида (талабгорнинг ихтиёрига кўра) эълоннинг 1-иловаси (жисмоний шахслар 1 а-иловаси)даги ариза намунасини тўлдириб (имзоланган ҳолда) ёпиқ конвертда Давактив агентлигига ёки сканер қилинган шакли (кодланган ҳолда) Давактив агентлигининг электрон манзилига тақдим этиши талаб этилади.

 Савдонинг иккинчи босқичига ўтган талабгорлар тўғрисида Давактив агентлиги томонидан ўзининг расмий веб сайтида эълон чоп этилган кундан бошлаб 5 иш куни ичида савдонинг иккинчи босқичида қатнашиш учун мазкур эълоннинг 2-иловаси (жисмоний шахслар 2 а-иловаси)даги ариза намунаси тўлдирилиб (тасдиқланган ҳолда) таклифлар тақдим этилади.

Эълонда таъкидланишича, ушбу давлат активидан келгусида офис, савдо, савдо-кўнгилочар, маданий-хордиқ, спорт, туристик ва бошқа хизматлар кўрсатиш фаолияти йўналишларидан бири ёки бир нечтасини амалга оширилиши талаб этилади.

Бундан ташқари, давлат активини сотиб олиш бўйича биринчи босқичда битта таклиф келиб тушган ҳолатда эса, савдолар ўтказилмаган деб эътироф этилади;

  • талабгор давлат активини сотиб олиш тўловини бир ойдан кўп муддатларда (кўпи билан 36 ой) амалга оширишни таклиф этганда, унинг нарх таклифи ушбу муддатларни инобатга олган ҳолда, белгиланган тартибда жорий қийматга келтириб баҳоланади;
  • савдо якунлари бўйича савдо ғолиби билан Давактив агентлиги томонидан хабарнома юборилган санадан бошлаб 20 кун ичида олди-сотди шартномаси расмийлаштирилади (форс-мажор ҳолатлари бундан мустасно) ва савдоларга қатнашиш учун тўланган закалат пули давлат активи харид тўловининг бир қисми сифатида қабул қилинади;
  • савдолар якунлари бўйича ғолиб томонидан тўланадиган харид қийматига чегирма қўлланилмайди;
  • савдолар якунлари бўйича савдо ғолиби томонидан олди-сотди шартномасини тузиш рад этилса ёки ундан воз кечилса, у томонидан тўланган закалат пули миқдори қайтарилмайди;

Давлат тендер комиссияси ёки Ишчи орган ўз хоҳишига кўра ҳеч қандай мажбуриятни ўз зиммасига олмаган ҳолда, ҳар қандай вақтда савдони тўхтатиши ҳамда савдо жараёнида талабгорлардан қўшимча ва/ёки аниқлаштирувчи маълумотлар сўраши мумкин.

2 808 Ko'rishlar