Давлатобод туманида ҳарбий хизматчилар учун янги уй-жойлар фойдаланишга топширилди

Давлат раҳбари қарорига асосан Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия ҳарбийлари ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари учун замон талаблари жавоб берадиган янги турар-жойлар қурилиши белгиланган. Ушбу йўналиш асосида “Юксалиш” массивида кейинги 3 йил ичида Мудофаа вазирлиги ҳарбийларига 8 та, Миллий гвардия ходимларига 2 та, Ички ишлар вазирлиги ходимларига 5 та, жами 15 та кўп қаватли намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Ушбу уй-жойлар қурилишига 61 млрд. сўм капитал маблағ жалб этилиб, 450 та хонадонлар қурилиши амалга оширилди. Уй-жой шароитини яхшилашга эҳтиёжи бўлган ҳарбийлар ва хизматчи ходимлар шинам, барча шароитлар мужассам бўлган хонадон соҳибларига айланди.

2020 йилнинг ўзида “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ томонидан 3 та 5 қаватли намунавий лойиҳалар асосида уй-жойларда 90 та хонадон барпо этилиши белгиланиб, қурилиш-монтаж ишлари олиб борилди. Мазкур уй-жойлар 60 нафар ҳарбий хизматчи, 15 нафар Миллий гвардия ва 15 нафар Ички ишлар ходими учун ажратилди.

Уларни фойдаланишга топшириш маросимида сўз олган вилоят раҳбари ҳарбийларни янги уй-жойлар ва яқинлашиб келаётган сана — Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади. Фаолиятларига равнақ, оилаларига тинчлик-омонлик тилади.

Маросимда Миллий гвардия қўмондонининг биринчи ўринбосари Бекмурод Абдуллаев, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони Лутфулло Бузруков иштирок этди.

Маълумот учун, мазкур уйларнинг умумий қиймати 15,3 млрд.сўм бўлиб, уларга муҳандислик-коммуникация тармоқлари тортиш ишлари учун 1,8 млрд.сўм сарфланди. Уларни “Жаҳон қурилиш таъмирлаш”, “Муҳташам бино иншоотлар” ва “Минора ва Иншоотлар” каби қурилиш ташкилотлари барпо этди.

1 225 Ko'rishlar