Видео: Шерободда Афғонистон Қуролли кучларининг самолёти қулагани тасдиқланди

Мудофаа вазирлиги Ўзбекистон ҳудудида афғон Қуролли кучлари самолёти қулаганини тасдиқлади. Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, кеча давлат чегарасини бузишга уриниш ҳолатининг олди олинган.

Ҳодиса оқибатида қурбон бўлганлар йўқлиги айтилмоқда. Ҳозирда бу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон ҳаво майдонини қўриқлашни кучайтириш суриштирув якунлангандан сўнг қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 15 август куни кечқурун Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида Афғонистон фарқлаш белгилари бўлган самолёт қулаб тушган. Ижтимоий тармоқларда қулаган самолёт қисмлари ва камида бир инсон жароҳатланганлиги акс этган видео ва фотолар тарқалди.

Gazeta.uz нашрининг Сурхондарёдаги манбаси икки нафар афғонистонлик ҳарбий хизматчи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Термиз филиалига ётқизилганлигини тасдиқлади.

“Бу воқеадан бир кун олдин уч афғон аскари касалхонага ётқизилган. Катта эҳтимол билан, гап Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида хабар берган уч ярадор афғон аскари ҳақида кетмоқда”, дея ёзади нашр.

Беш нафар афғонистонликнинг аҳволи ўртача деб баҳоланмоқда. Ярадорлар “кўкрак қафасининг пенетрал жароҳати, мия чайқалиши ва бошқалар” ташхиси билан тиббий муассасага ётқизилган, дея таъкидлади манба.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, самолётда бўлганлар парашют билан сакраган. Шунингдек, яна бир ўзбекистонлик ҳарбий хизматчининг касалхонага ётқизилганлиги ҳақида хабар берилмоқда. Унинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Бу афғон самолёт билан қулаши боғлиқми ёки йўқми, маълум эмас.

Маълумот учун, 14 август куни Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтган 84 нафар Афғонистон ҳарбий хизматчисига тиббий ёрдам ва вақтинчалик бошпана тақдим этди. ТИВ афғон фуқароларини ватанига қайтариш ҳамда Термиз-Ҳайратон кўприги ҳудудидаги вазиятни юмшатиш учун афғон томони билан музокаралар олиб бормоқда.

3 830 Ko'rishlar