Бугун ҳар 12 йилда содир бўладиган ҳодиса кузатилмоқда: Ой тутилиши ва бошқалар

Бугун, 26 май куни Ойнинг Ерга энг яқин келиши (Супер Ой) ва тўлиқ тутилиши ҳодисаси рўй беради. Бу ҳақда Москва планетарийсига асосланиб ТАСС хабар берди.

Тўлиқ тутилиш тўлин Ой ҳодисаси ҳамда табиий йўлдошнинг Ерга янги яқин келиши билан бир пайтга тўғри келмоқда. Бунақаси 12 йилда бир марта содир бўлади.

«Тўлиқ тутилиш 14 дақиқа 30 сония давом этади, бу пайтда сояда қолган Ой дискининг шимолий қисми (тепаси) унинг бошқа қисмларидан анча ёрқин кўринади. Соянинг ташқи қисмлари Ернинг шимолий қутб ҳудудларида ёруғлик атмосфера озони томонидан ютилиши натижасида кўкиш тусга киради», — дейилади хабарда.

Ой Ерга 362 минг километргача яқинлашди. Супер Ой деб номланувчи бу ҳодисани бутун дунёда кузатиш мумкин бўлди. Ҳодиса вақти — соат 6:52 (Тошкент вақти билан).

Супер Ой ҳодисасидан орадан 10 соатлар ўтиб, соат 16:19 дан (Тошкент вақти билан) Ойнинг тўлиқ тутилиши юз беради. Бу ҳодисага Шимолий Американинг ғарбий соҳили, Осиёнинг шарқий соҳили, Индонезия, Австралия ва Тинч океани оролларида яшовчилар гувоҳ бўлишади.

Россияда фақат Сибирь жануби-шарқида ва Узоқ Шарқда яшовчилар Ой тутилишини кўра олишлари хабарда айтилган. Бизда эса Қуёш ботиши соат 19:44 га тўғри келгани боис, Ойнинг тутилиши деярли сезилмай ўтиб кетиши мумкин. 

5 467 Ko'rishlar