АҚШ ҳарбийлари коронавирусга қарши вакцина олишдан бош тортди

АҚШ денгиз пиёдалари корпусининг ўн мингга яқин ҳарбий хизматчиси коронавирусга қарши эмлашдан бош тортгани учун хизматдан четлатилиши мумкин. Бу ҳақда The Washington Post нашри хабар берди.

Қайд этилишича, денгиз пиёдалари орасида эмлаш даражаси 94 фоизни ташкил этади, бироқ бу рақам АҚШ армиясидаги энг паст кўрсаткичлардан биридир. Масалан, Қуруқликдаги қўшинларда аскарларнинг 95 фоизи CОВИД вакцинасининг камида битта дозасини, денгиз флотида — 99,7 фоизи олди.

Газетанинг ёзишича, иммунизация билан боғлиқ вазият корпус раҳбариятини хавотирга солмоқда, чунки ҳар доим энг қаттиқ тартиб-интизомга эга бўлган денгиз пиёдалари буйруққа бўйсунмасликка қарор қилган.

АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари вазири Карлос дел Торо нашрга маълум қилишича, эмлашдан бош тортишнинг ҳар бир ҳолати алоҳида кўриб чиқилади, коронавирусга қарши эмлаш муддати тугайдиган куни ҳеч ким ҳарбийларни ишдан бўшатмайди.

2 278 Ko'rishlar