Алишер Усмонов Европа иттифоқини судга берди

Европа суди матбуот хизмати россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг Европа иттифоқи санкцияларига дучор бўлган шахслар рўйхатига киритилишига норозилик билдирилган даъво аризасини қабул қилганини тасдиқлади.

Даъво аризасини кўриб чиқиш санаси ҳали белгиланмаган, дейилади ТАСС хабарида.

«Жаноб Алишер Усмоновнинг Иттифоқ (ЕИ)га қарши даъвоси 29 апрелда топширилган. Даъвогар  унга қарши чеклов чораларини бекор қилишни ва суд қарори чиққунига қадар тақиқлов чораларини тўхтатиб туришни талаб қиляпти», — дейилади Европа суди матбуот хизмати хабарида.

28 февралда Алишер Усмонов бошқа россияликлар қаторида Евроиттифоқ санкциялари рўйхатига киритилганди. Шундан сўнг Усмоновнинг Европадаги барча активлари блокланиб, унинг ўзи Европа иттифоқи мамлакатлари ҳудудига кириши тақиқланган эди.

Расмий Брюсселга кўра, россиялик тадбиркорлар ва сиёсатчилар ўз хатти-ҳаракатлари билан Украинанинг ҳудудий яхлитлигига путур етказишган.

2 624 Ko'rishlar