«Айни кунларда муносиб номзодлар кўриб чиқилмоқда». Мусулмонлар идораси муфтий қай тартибда сайланишини маълум қилди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасига янги бош муфтий тайинлангани ҳақидаги хабарлар рад этилгани тўғрисида хабар берилганди. Идораси фуқароларни асл ҳолат ва мавжуд вазиятни билмай туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарларни тарқатишдан сақланишга чақиради.

«Ўзбекистон мусулмонлари идораси мазкур мавзу атрофида асоссиз баҳс-мунозарани ҳаётини халқимиз ва муқаддас динимиз хизматига бағишлаган марҳум муфтий Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратларининг вафотидан кўп ўтмаган бир даврда кўпайтиришни диний, миллий ва оддий инсонийлик қадриятлари нуқтаи назаридан одобсизлик сифатида баҳолайди ҳамда фуқароларимиздан бундай ишлар қилмасликни сўрайди», — дейилади муносабатда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси республика ҳудудида расмий фаолият олиб бораётган исломий диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органи бўлиб, мусулмонларнинг эътиқодий бирлигини таъминлашга хизмат қилади. Шу мақсадда фиқҳда Ҳанафий мазҳаби ва ақидада Имом Мотуридий таълимоти асосида мўмин-мусулмонлар учун барча шарт-шароитларни яратади. Шунингдек, ислом маърифатини кенг ёйиш, масжид-мадрасалар таъсис этиш, диний адабиётлар нашр этиш, халқаро ташкилотлар ва таниқли уламолар билан ҳамкорликни амалга оширади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уставининг тегишли бандига асосан Диний идора раиси, муфтий Уламолар кенгаши йиғилишида беш йил муддатга сайланади. Муфтий лавозимига сайланаётган шахс Ўзбекистон фуқароси, олий диний маълумотли, камида ўн йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ишлаган, уламолар ҳамда халқ орасида обрў ва ишонч қозонган бўлиши лозим.

«Айни кунларда муфтий лавозимига муносиб номзодларни атрофлича кўриб чиқиш, меҳнат фаолиятларини ўрганиш, билим салоҳиятларини мезонга солиш, иш тажрибаларини кузатиш ва халқ орасидаги обрў-эътиборларига баҳо бериш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур жараёнларнинг якуни тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий матбуотида эълон қилинади», — дейилади хабарда.

2 466 Ko'rishlar